date
views 135

Игорь Сергеев: “БАА ва Қатар майдонда бор кучини ишга солади – биз ҳам тайёрмиз”

Игорь Сергеев: “БАА ва Қатар майдонда бор кучини ишга солади – биз ҳам тайёрмиз”
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Игорь Сергеев жаҳон чемпионати–2026 саралаш босқичининг ҳал қилувчи палласи олдидан БАА ва Қатарга қарши ўйинлар борасида ўз фикрларини билдириб ўтди. 32 ёшли тажрибали футболчига кўра, ҳар икки рақиб ғалаба учун кураш олиб бориши аниқ ва терма жамоамиз ҳам бунга муносиб тайёргарлик кўрмоқда.

— Ҳозирги вазиятда барчага барча нарса равшан. БАА – жуда кучли ва салоҳиятли жамоа. Қатар ҳам шундай. Ҳар иккиси мураббийларини янгилади ва жадвалдаги ўрнини яхшилаш учун қаттиқ ҳаракат қилади. Шу сабабли улар 3 очко учун бор кучи билан ўйнайди, — деди Сергеев.

Форварднинг таъкидлашича, бу расмий саралаш учрашувлари бўлгани учун, рақибларнинг рейтингда қайси ўринда эканлиги муҳим эмас:

— Рейтинг ўрни паст бўлган жамоа ҳам жаҳон чемпионатига чиқиш имконияти учун охиригача курашади. Шунинг учун рақибни кичкина ёки катта деб ажратмаймиз. Биз ҳар икки жамоага қарши жиддий тайёргарлик кўриб, шунга мос равишда майдонда кураш олиб борамиз.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон терма жамоасини олдинда икки муҳим тўқнашув кутмоқда. 9-тур доирасидаги БАА – Ўзбекистон баҳси 5 июнь куни Тошкент вақти билан 21:00 да старт олади. 10-турда эса 10 июнь куни соат 18:45 да пойтахтимизда Қатарга қарши ҳал қилувчи беллашув бўлиб ўтади.

Бу икки учрашув “оқ бургутлар” учун мундиалга чиқиш масаласида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Сергеевнинг сўзларидан маълумки, жамоа тўлиқ тайёр ва ҳеч қандай рақибни камситмасдан, ютуқ учун майдонга тушади. Ижобий натижалар эса нафақат футболчилар, балки бутун Ўзбекистон орзу қилаётган йўлланмага олиб келиши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Игорь Сергеев: “БАА ва Қатар майдонда бор кучини ишга солади – биз ҳам тайёрмиз”