date
views 92

Фарзона Фозилова Таиланддаги мусобақа финалига йўлланмани қўлга киритди!

Фарзона Фозилова Таиланддаги мусобақа финалига йўлланмани қўлга киритди!
Хабарингиз бор, 24 май куни Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида жаҳоннинг энг маҳоратли чарм қўлқоп усталари иштирокида нуфузли "Thailand Open" халқаро бокс турнири старт олган эди. Мазкур турнир 1 июн кунига қадар давом этади ва ҳозирда энг муҳим босқич – ярим финал баҳслари бошланиб кетди.

Ярим финал доирасида, бугун мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилувчи вакилларимиздан бири, -48 кг вазн тоифасида иштирок этаётган иқтидорли боксчимиз Фарзона Фозилова украиналик тажрибали рақибаси Олга Шалимова билан тўқнаш келди.

Жанг аввалидан кучли рақобат ва кескин курашларга бой тарзда кечди. Биринчи раундданоқ ҳар икки спортчи ўртасида қизғин, ҳамда жиддий тўқнашувлар бўлди. Фарзона Фозилова юқори маҳорат, тезлик ва аниқ зарбалар орқали ўз устунлигини намойиш эта бошлади. Иккинчи раундда ҳам юртдошимиз рақибасидан устун келиб, ҳужумкор услубда ҳаракат қилди ва муҳим очколарга эга бўлди.

Шалимова ҳам ўзига хос тактик усуллар орқали вазиятни ўзгартишга уринган бўлса-да, Фозилованинг қатъиятли ҳаракатлари буни имконсиз қилди. Учинчи раундда ҳам ҳамюртимиз юқори даражадаги жисмоний тайёргарлиги ва кучли ҳужумлари билан рақибасига имкон қолдирмади.

Натижада, тўлиқ уч раундлик баҳсда ҳакамлар якдил қарор билан ғалабани Фарзона Фозиловага беришди. Шундай қилиб, Фозилова турнирнинг энг юқори чўққиси – финал босқичига йўл олишга эришди.

Маълумот учун айтиш жоизки, яна бир вакиламиз Феруза Казакова бугун Таиланд вакили Аписада Тантава билан ҳал қилувчи жангда тўқнашади. Бу учрашув ҳам мухлислар учун қизиқарли ва ҳаяжонли ўтиши кутилмоқда.

Умид қиламизки, иккала спортчимизнинг ғалабали юриши финалда ҳам давом этади ва улар ўзбек бокси обрўсини янада юксакларга кўтариб, юртимиз шарафини муносиб тарзда ҳимоя қилишади. Фарзона Фозилованинг бугунги ажойиб ғалабаси, албатта, яна кўплаб ёш спортчиларга илҳом бағишлайди ва мамлакатимизда аёллар боксига бўлган қизиқишни оширади.

Шунингдек, мамлакатимиз мухлислари бугунги куннинг иккинчи ярим финалида Феруза Казаковадан ҳам ғалаба кутишмоқда. Спортчиларимизга ҳал қилувчи жангларда улкан омадлар ва ғалабалар ёр бўлишини тилаймиз!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Фарзона Фозилова Таиланддаги мусобақа финалига йўлланмани қўлга киритди!