
Англия Премьер-лигасида мавсум давомида юз берган инқироздан сўнг "Манчестер Сити" раҳбарияти жамоа таркибини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратди. Қишки трансфер ойнасида "шаҳарликлар" марказий ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов ("Ланс"), Витор Рейс ("Палмейрас"), ярим ҳимоячи Нико Гонсалес ("Порту") ва ҳужумчи Умар Мармуш ("Айнтрахт")ни жамоа сафига қўшиб олди.
Бу тўрт трансфер "Сити"га 200 миллион евродан ортиқ маблағқа тушди. Яъни, клуб юқори даражада жамоани қайта қуриш учун жиддий инвестиция киритди. Ҳусанов, Гонсалес ва Мармуш асосий таркибдан ўрин олган ҳолда натижаларга таъсир кўрсатди — жамоа Премьер-лигада кучли учликка кирди ва Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритди.
40+10 миллион евролик шартнома ва режалаштирилмаган тўхталиш
Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Абдуқодир Ҳусанов учун "Манчестер Сити" "Ланс" клубига 40 миллион евро бадал пули, шунингдек, қўшимча 10 миллион евро бонус тўлашни қабул қилган эди. Аммо бу бонуслар фақат футболчи мавсумнинг иккинчи ярмида белгиланган учрашувларда қатнашса тўланиши керак эди.
Айнан мана шу тўлов шартлари сабаб Ҳусанов захирага михлаб қўйилди. Британиянинг cityxtra.co.uk портали журналисти Фредди Пайга кўра, Гвардиола ўз шогирдининг ўйин даражасидан эмас, балки клубнинг ортиқча харажатларнинг олдини олиш мақсадида ушбу қарорни қабул қилган.
Мавсум статистикаси ва тўхтаган жараён
Абдуқодир Ҳусанов мавсумнинг асосий қисмида "Челси", "Реал", "Тоттенхэм", "Ньюкасл", "Ливерпуль" каби кучли жамоаларга қарши жуда ишончли ўйинлар намойиш этди. Ҳимоядаги мустаҳкамлиги ва тактик ёндашуви билан у жамоа таркибидаги муҳим бўғинга айланди.
Бироқ, Англия Кубоги доирасидаги “Борнмут”га қарши баҳсда таймдаёқ алмаштирилган Ҳусанов кейинги учрашувларда майдонга тушмади. Сабаб энди маълум — агар у 10 та ўйинда иштирок этганида, “Сити” "Ланс"га қўшимча 5 миллион евро тўлашга мажбур бўларди. Абдуқодир 9 учрашувда қатнашди — банд бажарилмади, бонус бекор қилинди.
Ҳимоядаги келажак: Ҳусанов қоладими?
Футбол жамоатчилигини ҳимоячи келажаги борасида саволлар ўйлантириб келарди. Аммо cityxtra.co.uk нашрининг таъкидлашича, “Сити” ёзда марказий ҳимояга янги футболчи олишни режалаштирмаяпти. Аксинча, ёши катта ҳимоячилар — Жон Стоунз ва Натан Аке каби футболчиларнинг келажаги қайта кўриб чиқилади.
Бу эса Ҳусанов учун янги мавсумда асосий таркибдаги позицияни янада мустаҳкамлаш учун катта имконият яратади. Гвардиола ундан қишда фойдаланган ва ижобий натижа кўрган бўлса, кейинги мавсумда унга яна ишонч билдирилиши эҳтимолдан холи эмас.
Zamin.uz таҳририятидан хулоса
Абдуқодир Ҳусановнинг “Манчестер Сити”даги муваффақиятли дебюти ва молиявий тўсиқ туфайли захирага олиниши футболнинг ортида қандай катта молиявий режалар ва ҳисоб-китоблар ётадиганини яна бир бор кўрсатиб берди. Аммо истеъдод, меҳнат ва тайёргарлик бор жойда имкониятлар яна очилади.
Мухлислар учун эса бир нарса аниқ: Ҳусанов — “Этихад”да ўз сўзини ҳали тўлиқ айтмаган футболчи. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар