
Футбол оламининг машҳур юлдузи, Бразилия ва “Сантос” клуби тарбияланувчиси Неймар Европа футболида жадал кўтарилаётган ёш юлдуз Флориан Вирц ҳақида ажабланарли тарзда жавоб қайтарди. Немис журналистлари билан бўлган суҳбат чоғида унга Германия чемпионатида сенсация яратиб, кўплаб топ-клубларнинг диққатини ўзига жалб қилган «Байер» етакчиси Вирц ҳақида савол берилди.
— Неймар, Германиялик ёш юлдуз Флориан Вирц ҳақида нима дея оласан?
— Ростини айтсам, уни танимайман, — дея кутилмаган жавоб қайтарди Неймар.
Журналистлар кейинчалик «Бавария»нинг ёрқин юлдузи Жамол Мусиала ҳақида ҳам сўрашганида, Неймар уни яхши билишини ва унинг ўйинига юқори баҳо беришини таъкидлади:
— Ҳа, Жамолни яхши биламан. У ажойиб иқтидор соҳиби ва жуда юқори савиядаги ўйинчи. Менимча, у келажакда дунёнинг энг буюк футболчилари қаторига киради.
Ушбу қизиқарли суҳбат эса жаҳон футболида тез орада кўплаб муҳокамаларни келтириб чиқарди. Боиси, 22 ёшли Флориан Вирц сўнгги мавсумда Германия чемпионатида энг катта сенсацияни амалга оширди. Унинг ажойиб ўйинлари туфайли Леверкузеннинг «Байер» клуби тарихида илк бор Германия чемпионига айланди. Вирц мавсум давомида кўплаб клубларнинг трансфер нишонларига айланган ва айниқса «Бавария» бу футболчига жиддий қизиқиш билдирган эди.
Бироқ Вирц «Бавария»нинг таклифини рад этиб, футбол жамоатчилигини ҳайратда қолдирди. Кўплаб экспертларнинг тахминига кўра, ёш юлдузнинг Мюнхенга кўчиб ўтишдан бош тортгани сабаби, айнан «Бавария» етакчиси Жамол Мусиала билан рақобат қилишни хоҳламагани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Чунки бу икки футболчи позиция ва ўйин услуби жиҳатидан бир-бирига жуда ўхшаш ва ўзаро рақобат муқаррар эди.
Флориан Вирцнинг «Бавария»дан воз кечиши футбол мухлислари ва экспертлар орасида кўплаб мунозараларга сабаб бўлмоқда. Айримлар буни оқилона қарор сифатида баҳоласа, бошқалар уни рақобатдан қочиш сифатида талқин қилмоқда.
Шундай экан, Германия футболида ёрқин из қолдираётган бу икки ёш юлдуз – Вирц ва Мусиала ўртасидаги рақобат келгусида яна қандай тус олиши ҳозирча номаълум. Лекин бир нарса аниқки, уларнинг фаолияти кейинги йилларда футбол мухлислари диққат марказида бўлади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар