
Европа футболидаги катта трансферлардан бири амалга ошди. Мадриднинг “Реал” клуби Англиянинг машҳур футболчиси, “Ливерпуль”нинг ўнг қанот ҳимоячиси Трент Александр-Арнолдни ўз таркибига қўшиб олиш борасида “қизиллар” билан келишувга эришди. Бу ҳақда таниқли испаниялик журналист Рамон Алварес де Мон Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Маълумотларга кўра, мазкур трансфер 15 июнь куни старт оладиган Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати бошланишидан аввал амалга оширилади. “Қаймоқранглилар” тез орада футболчини расман тақдим этиши кутилмоқда.
Манбалар хабар беришича, “Реал” клуби Александр-Арнолднинг июн ойидаги маошини тўлиқ қоплашга рози бўлган ва шу билан бирга “Ливерпуль” клубига муайян миқдорда қўшимча товон пули тўлашни ҳам ўз зиммасига олган.
Трент Александр-Арнолд ҳозирда Европанинг энг юқори савиядаги ҳимоячиларидан бири сифатида тан олинган. Унинг техник маҳорати, голли узатмалари ва стандарт вазиятлардаги аниқ зарбалари уни жаҳон даражасидаги ўйинчига айлантирган.
Футболчининг “Ливерпуль” билан амалдаги шартномаси 2025 йилнинг 30 июнига қадар амал қилиши керак эди. Аммо “Реал” раҳбарияти трансферни аввалроқ якунлаш учун фаол ҳаракат қилди ва буни амалга оширишга муваффақ бўлди. Аввалроқ ОАВда тарқалган хабарларга кўра, шартномани муддатидан олдин бекор қилгани учун мадридликлар “Ливерпуль”га 1–2 миллион евро миқдорида компенсация тўлаши мумкин.
Мадрид клуби раҳбарияти ушбу трансферни жамоанинг ҳимоя чизиғини мустаҳкамлашда стратегик қадам сифатида баҳоламоқда. Хаби Алонсо бошчилигидаги янги “Реал” янги мавсумда ҳам ички чемпионат, ҳам халқаро майдонда юқори натижалар кўрсатишни мақсад қилган. Александр-Арнолд эса бу мақсадларни амалга оширишда асосий фигуралардан бирига айланиши мумкин.
Футбол ишқибозлари эса ушбу трансфернинг майдонда қандай натижа беражагини ва Александр-Арнолд “Сантьяго Бернабеу”да ўзини қандай кўрсатишини катта қизиқиш билан кутмоқда.
Zamin.uz таҳририяти эса ушбу воқеа ривожини кузатишда давом этади ва сизга энг сўнгги маълумотларни тақдим қилиб боради. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар