
2026 йилги U-23 Осиё Кубоги саралаш босқичи учун қуръа ташлаш маросими кеча бўлиб ўтди. Қуръа натижаларига кўра, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси "E" гуруҳидан жой олди ва Қирғизистон, Фаластин ҳамда Шри-Ланка каби терма жамоаларга қарши баҳс олиб боради. Мазкур гуруҳ ўйинлари Қирғизистонда ташкил этилади.
Терма жамоамиз бош мураббийи Равшан Ҳайдаров қуръа натижаларини ижобий баҳолар экан, келгуси босқичга йўл олиш учун жамоа олдига аниқ мақсадлар қўйилганини таъкидлади:
"Саралаш доирасидаги рақибларимиз ва мезбон мамлакат Қирғизистон ҳақида маълумотларга эга бўлдик. Албатта, ёшлар мусобақаларида кутилмаган натижалар бўлиши мумкин — ёш футболчилар ҳар ойда ривожланиб, ўзгариб боради. Шунинг учун ҳар бир рақибни жиддий қабул қилиб, максимал даражада тайёргарлик кўришга ҳаракат қиламиз", — дейди мураббий.
Ҳайдаровнинг сўзларига кўра, Қирғизистонда футбол инфратузилмаси жадал ривожланмоқда ва янги стадионлар қурилмоқда. Бу эса уларнинг мезбон сифатида кучли тайёргарлик кўришига асос бўлади.
“Фаластин доимо табиий равишда кутилмаган ва сирли жамоа сифатида танилади. Мамлакатдаги оғир вазиятга қарамай, улар сафида Европада тажриба орттираётган бир қанча кучли футболчилар бор. Шри-Ланка билан эса аввал тўқнаш келмаганмиз. Бу жамоа ҳақида ҳозирча тўлиқ маълумотга эга эмасмиз, лекин уларни ҳам синчиклаб ўрганамиз”, — дейди Ҳайдаров.
Мутахассис таъкидлашича, ҳозирги вақтда асосий эътибор ўз жамоамизни тайёрлашга қаратилган. Футболчиларнинг ички чемпионатдаги — Суперлигадаги ўйинлари мунтазам кузатиб борилмоқда ва ҳар бир ўйинчига алоҳида ёндашув билан ёндашиляпти.
"Аввалги U-20 таркибидан чиққан кўплаб футболчилар ҳозирда миллий жамоа сафида ёки хориж клубларида фаолият юритмоқда. Бу эса биз учун фахр, лекин уларнинг ўрнини босадиган янги истеъдодлар етиштирилиши лозим. Биз ёшларга ишонамиз ва уларга имконият яратиб беришни бош мақсадимиз деб биламиз", — дея қўшимча қилди бош мураббий.
Ҳайдаровнинг таъкидлашича, саралашдан муваффақиятли ўтиб, Осиё Кубогида иштирок этиш билан бирга, бу турнир футболчиларни келгусидаги йирик мусобақалар учун тайёрлашда муҳим майдонча бўлади.
Zamin.uz таҳририяти Ўзбекистон олимпия термасига омад тилаб, мураббий ва жамоамизга муваффақиятли саралаш босқичини орзу қилади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг