
Италиядаги ўзбекистонлик юлдуз футболчи Элдор Шомуродов ўз уйининг ҳовлисида футбол мухлислари учун унутилмас суҳбат уюштирди. Ютубдаги "Марказий Сектор" канали бошловчиси Ориф Толибов ҳамда машҳур шарҳловчи Хайрулла Ҳамидов футболчимизнинг меҳмони бўлиб, очиқ ҳавода уларга жуда қизиқарли интервью берди.
Суҳбат чоғида Элдор ўзининг Европа футболига бўлган илк қадамларини ёдга олди. Унинг айтишича, “Женоа”га келган пайтлари унга ҳар жиҳатдан қийин бўлган — янги муҳит, янги тил ва албатта, Италиянинг серталаб тактик футболи. Бироқ Шомуродов бундай синовлардан қайтмайдиган жангчи. У ҳар бир машғулотда, ҳар бир ўйинда ўзини кўрсатишга интилган. "Менга Европада ўйнаш орзуси жуда ёққан, бу орзумни амалга ошириш учун ҳар куни тинмай меҳнат қилдим", — дейди Элдор.
Футболчимиз "Рома" жамоаси сафидаги фаолияти, машҳур мураббийлар Моуриньо ва Де Росси билан бўлган иш тажрибаси, голлари, ютуқлари ва шубҳасиз, қийинчиликлари ҳақида ҳам очиқ гапирди. Унинг фикрича, Италия футболида беш йил ўйнаб, у нафақат футболчи, балки инсон сифатида ҳам улғайган.
Интервью пайтида эса ёқимли бир воқеа юз берди — Элдорнинг кичик ўғли Мустафо саҳнага чиқиб қолди. У отасининг бўйнига тақилган микрофонга қизиқиб, қўли билан унга тегиб кўрди. Ҳозиргина футбол ва тактика ҳақида сўз юритилаётган суҳбат, болакайнинг беғубор ҳаракати билан янада самимий тус олди. Элдорнинг Мустафога бўлган меҳри ва болакайнинг беғубор қиёфаси томошабинларнинг юрагини илитди.
Шарҳловчи Хайрулла Ҳамидов суҳбат давомида шундай деди:
"Мен Элдорда ҳақиқий ўзбекча феълни кўраман — самимий, камтар, меҳнаткаш ва курашувчан."
Бу суҳбат нафақат футбол ҳақида, балки инсонийлик, оила, меҳнат ва орзу ҳақида ҳам эди. Элдор Шомуродов нафақат майдонда, балки ҳаётда ҳам ўзбек ёшлари учун намуна эканини яна бир бор намоён этди.
Томошабинлар учун бундай лаҳзалар доим хотираларда қолади. Марказий Сектор канали ва унинг ижодий жамоасига бу каби юракка яқин интервьюлар учун ташаккур. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар