
Европа футболида яна бир катта ўзгариш юз берди — тажрибали мураббий Жан-Пьеро Гасперини “Рома” жамоасининг бош мураббийи сифатида иш бошламоқда. Бу қарор "Аталанта"ни тарк этган мутахассис учун жиддий бурилиш бўлди. Италия матбуоти ва Фабрицио Романо каби ишончли инсайдерлар Гасперинининг "Ювентус" билан ҳам мулоқотда бўлганини, бироқ охир-оқибат Рим клубини танлаганини маълум қилишди.
Айтишларича, мутахассис бугун "Ювентус"нинг бўлажак спорт директори Дамьен Комолли билан учрашган, аммо суҳбат натижасида туринликлар билан келишувга етиб бормаган. Аксинча, Гасперини "Рома" клуби раҳбарияти билан учрашув давомида ўзини керакли ва қадрланган инсон сифатида ҳис қилганини таъкидлаган.
Бу янгилик ўзбекистонлик футбол ишқибозлари учун алоҳида аҳамиятга эга. Чунки "Рома" сафида Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори — Элдор Шомуродов фаолият юритмоқда. Янги мураббийнинг келиши билан унда янги имкониятлар эшиги очилиши мумкин. Ҳар бир мураббий ўз услубига эга ва Гасперини каби тажрибали стратег Шомуродовнинг майдондаги потенциалини тўлиқ очиб беришга қодир.
Эслатиб ўтамиз, Гасперини “Аталанта”да олиб борган иши орқали кўплаб ёш футболчиларни катта футболга олиб кирган, жамоавий ўйин ва ҳужумкор футбол услуби билан танилган. Агар у “Рома”да ҳам шу услубни давом эттирса, Элдор Шомуродов учун бу янги паллаларга чиқиш имкони бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, сўнгги кунларда “Марказий Сектор” канали орқали чиққан интервьюда Шомуродов ўзининг Римдаги ҳаёти, “Рома”даги таассуротлари ва келажак режалари ҳақида мухлислар билан самимий суҳбатлашган эди. Унинг феъл-атвори, меҳнатсеварлиги ва профессионал ёндошуви мухлислар ҳамда мутахассислар томонидан юқори баҳоланмоқда.
Гасперинининг “Рома”даги фаолияти Шомуродовнинг ҳам янги босқичга чиқишига туртки бўлиши мумкин. Янги мавсум катта қизиқиш билан кутилмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар