date
views 13 325

Абдуқодир Ҳусанов трансфери Европага йўл очди: навбат кимда?

Абдуқодир Ҳусанов трансфери Европага йўл очди: навбат кимда?
Абдуқодир Ҳусановнинг «Манчестер Сити»га трансфери нафақат Ўзбекистон футболида, балки қўшни мамлакатлар ва бутун МДҲ ҳудудида ҳам катта шов-шув келтириб чиқарди. Ўзбекистонлик футболчи Франциянинг «Ланс» клубидан Хосеп Гвардиола бошқарувидаги машҳур «шаҳарликлар» сафига қўшилиши ортидан, ўзбек футболи янги даражага чиққани айтила бошлади.

Ҳусановнинг «Манчестер Сити»га ўтиши аввал бошда кўпчилик учун кутилмаган янгилик бўлган эди. Аммо футболчимиз қисқа вақт ичида Премьер-лиганинг мураккаблиги ва жисмоний юкламасига мослаша олди ва ҳатто февраль ойида жамоанинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди. Бироқ кейинчалик унинг кам майдонга тушиши мухлислар орасида кўплаб саволларни пайдо қилди.

Маълум бўлишича, Ҳусановнинг кейинги вақтларда майдонга туширилмаслиги унинг профессионал даражаси билан боғлиқ эмас, балки клубнинг «Ланс»га қўшимча бонус тўлашни истамаганлиги билан изоҳланмоқда.

Россиядаги оммабоп спорт нашри sport24.ru ушбу ҳолатдан фойдаланиб, ЦСКА клубида фаолият олиб бораётган яна бир ўзбекистонлик футболчи Аббосбек Файзуллаев билан интервью ўтказди. Нашр вакиллари россиялик футболчилардан кимнинг Абдуқодир Ҳусановнинг ортидан «Манчестер Сити» каби Европа грандларига кўчиб ўтиши мумкинлигини сўрашди.

Аббосбек Файзуллаев ушбу саволга жавобан дарҳол Матвей Кисляк номини атади. «Менимча, Матвей Европа клубларида ўйнай оладиган жуда юқори савияли футболчи. У мавсумнинг иккинчи қисмини жуда кучли ўтказди. Кисляк ҳар қандай Европа клубига ўтиш учун зарур бўлган барча фазилатларга эга. Уни Европанинг кучли клубларидан бирида кўришни жуда хоҳлайман», — дея таъкидлади ўзбекистонлик ҳужумкор ярим ҳимоячи.

Ҳақиқатан ҳам, 19 ёшли Матвей Кисляк ЦСКАнинг энг иқтидорли тарбияланувчиларидан бири ҳисобланади. Марказий ярим ҳимоячи позициясида ҳаракат қиладиган Кисляк жорий мавсум Россия Премьер-лигаси ва мамлакат кубоги баҳсларида жами 32 та учрашувда майдонга тушиб, 4 та гол ва 1 та голли узатмага муаллифлик қилди.

Аббосбек Файзуллаевнинг ўзи ҳам ЦСКА сафида ажойиб мавсумни ўтказмоқда. Эслатиб ўтамиз, 2023 йил август ойида «Пахтакор»дан Москва клубига кўчиб ўтган Файзуллаев бугунгача россияликлар таркибида барча мусобақаларда 70 та учрашувда иштирок этган ва ўз ҳисобига 8 та гол ва 22 та ассист ёздириб қўйган.

Айни вақтда ЦСКА Россия Премьер-лигасини учинчи ўринда якунлади ва мавсумнинг энг муҳим ўйинига — Россия кубоги Суперфиналига жиддий тайёргарлик кўрмоқда. «Армиячилар»нинг ушбу финалдаги рақиби «Ростов» клуби бўлади. Агар бу беллашувда москваликлар ғалаба қозонса, Аббосбек Файзуллаев ЦСКА билан ўзининг илк нуфузли совринини қўлга киритади.

Ушбу учрашувдан кейин 21 ёшли футболчимиз Бирлашган Араб Амирликларига йўл олиб, Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида 2026 йилда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати саралаш босқичининг ҳал қилувчи ўйинларига тайёргарлик кўради.

Ўз навбатида, Абдуқодир Ҳусанов очиб берган Европа футболи эшиклари орқали яна қанча истеъдодли футболчилар ўта олади, деган савол мухлисларнинг диққат марказида қолмоқда. Бу трансфер ўзбек футболининг Европа йўналишидаги янги тарихини бошлаб бериши мумкинлиги ҳақида таҳлилчилар томонидан кўплаб тахминлар билдирилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Абдуқодир Ҳусанов трансфери Европага йўл очди: навбат кимда?