
Ҳар икки йилда бир маротаба ўтказиладиган ёшлар ўртасидаги нуфузли футбол турнири – ФИФА U-20 Жаҳон чемпионатининг навбатдаги қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Бу йилги мусобақа ҳисоб бўйича 24-турнир бўлиб, 27 сентябрдан 19 октябргача Жанубий Американинг гўзал мамлакатларидан бири – Чилида бўлиб ўтади.
Мусобақага мезбонлик қиладиган стадионлар
Бу йил ёшлар мундиалига Чилидаги тўртта замонавий стадион мезбонлик қилади:
- Estadio Nacional (шаҳар: Сантьяго, сиғими: 48 минг)
- Estadio El Teniente (шаҳар: Ранкагуа, сиғими: 14 минг)
- Estadio Elías (шаҳар: Валпарайсо, сиғими: 20 минг)
- Estadio Fiscal de Talca (шаҳар: Талка, сиғими: 16 минг)
Бу стадионларда жаҳоннинг турли бурчакларидан келган ёш футболчилар ўз иқтидорини кўрсатади ва минглаб мухлисларнинг кўз ўнгида ғалаба учун курашади.
Гуруҳлар таркиби: кучли рақиблар бир-бирига қарши
Қуръа ташлаш маросимида 24та терма жамоа олтита гуруҳга бўлинди. Гуруҳлар таркиби қуйидагича шаклланди:
A гуруҳи: Чили (мезбон), Миср, Япония, Янги Зеландия.
B гуруҳи: Жанубий Корея, Панама, Парагвай, Украина.
C гуруҳи: Бразилия, Мексика, Марокаш, Испания.
D гуруҳи: Аргентина, Австралия, Куба, Италия.
E гуруҳи: Франция, Янги Каледония, ЖАР, АҚШ.
F гуруҳи: Колумбия, Нигерия, Норвегия, Саудия Арабистони.

Турнир форматига кўра, ҳар бир гуруҳдан иккита энг кучли жамоа ҳамда энг яхши натижа кўрсатган 4та учинчи ўрин эгалари кейинги плей-офф босқичига йўлланма олади. Бу эса гуруҳлардаги курашнинг янада қизғин ва кескин кечишидан далолат беради.
Осиё терма жамоалари учун жиддий синов
Бу йилги мундиалда Осиё қитъасидан тўртта терма жамоа иштирок этади: Австралия, Саудия Арабистони, Япония ва Жанубий Корея.
Австралия ёшлар терма жамоаси U-20 Осиё чемпионатида ғалаба қозониб, жаҳон чемпионатига ишонч билан йўл олди. Улар жамоалар тарихида олти марта чемпион бўлган Аргентина, шунингдек, Италия ва Куба билан бир гуруҳда баҳс олиб боради. Бу Австралия ёшлари учун катта синов бўлиши кутилмоқда.
Саудия Арабистони эса ўз тарихида ўнинчи марта ёшлар мундиалида иштирок этади. Саудияликлар F гуруҳида Колумбия, Норвегия ва Нигерияга қарши ўйинларда майдонга тушади. Уларнинг бу сафарги мақсади юқори босқичларга чиқишдир.
1999 йилда U-20 Жаҳон чемпионати финалига чиққан Япония ёшлари эса мундиалда кетма-кет тўртинчи бор иштирок этади. Япон ёшлари мезбон Чили, шунингдек, Янги Зеландия ва Мисрга қарши майдонга тушиб, ўз тарихидаги биринчи чемпионликни кўзламоқда.
Жанубий Корея терма жамоаси ҳам Осиёнинг энг кучли вакилларидан бири ҳисобланади. Улар Украина, Панама ва Парагвай билан рақобатда гуруҳдан чиқишга ҳаракат қилади.
Ёшлар мундиали футбол мухлислари учун доимо янги юлдузларни кашф этадиган, ажойиб голлар ва ёрқин ўйинларга бой турнир бўлиб келган. Бу йил ҳам жаҳон футболи аренасида ўзига хос курашлар, интригага бой ўйинлар ва кутилмаган натижалар кутилаётганлиги билан мухлисларни ҳайратда қолдириши тайин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар