
Клуб янги мураббий учун керакли футболчиларни олиб берадими? Мураббий Леверкузенда иш берган услубларини Мадридда қўллашда давом этадими?
Мадриднинг «Реал» клуби Ҳаби Алонсо билан келишувни расман эълон қилди. Испаниялик мураббий 2028 йилгача жамоани бошқаради ва июн ойида бошланадиган клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатидаёқ мураббий сифатида расман ишга киришади.
Иқтибослар
«...Мен уйга қайтдим. Бу клуб билан ришталар ҳеч қачон узилмаган, Валдебебасга қайтишим билан туйғулар жонланди»
«...Мен бу ерга ўз талабларим билан эмас, жамоа бўлиб бирга ишлаш учун келдим»
«...Истайманки, одамлар бизнинг ўйинимизга қараб, мана бу ҳақиқий жамоа, дейишсин ва завқ олиш умидида стадионга ошиқишсин» (Ҳаби Алонсо)
«Сен 2018 йилда „Реал“нинг ёшлар таркибини бошқариб юрган пайтингдаёқ қаерга бўлишингни билардик. Шу ерда. Бу сенинг тақдиринг» (Флорентино Перес)
Муқаррар воқеа
Ҳаби Алонсо ва «Реал» яна топишиши вақт масаласидек туюлганди ва шундай бўлди ҳам. Унинг «Реал» билан умумий ўтмиши борлиги ҳар икки томон учун масофани яқинлаштиргани табиий – Ҳаби «Байер» билан келишувларда агар ўзи ўйнаган клублардан таклиф чиқса, хайрихоҳлик қилинишини шарт қилиб қўйган бўлса, Флорентино Переснинг сўзларини юқорида ўқидингиз.
Перес 2018-19 йиллар ҳақида гапирган бўлса, орада ўтган мана шу олти йил ичида «Реал» ҳам, Алонсо ҳам бу учрашув учун керакли қадамларни ташлади, дейиш мумкин. Ҳаби Алонсо Мадриддан кетгач, уч йил «Сосиедад»нинг ёшлар жамоасини бошқарган бўлса, 2022 йилда мавсум ярмида жар ёқасида турган «Байер» бошқарувини олди. Қисқа вақт ичида у леверкузенликларни аввал пешқадамлардан бирига, кейин эса Бундеслига чемпионига айлантирди. Айнан ўша чемпионлик, яъни ўтган мавсумдан бошлаб мураббий Алонсо ҳақида энг юқори доираларда гаплаша бошлашди. «Ливерпул», «Бавария», «Реал» ва яна бир қатор топ-клублар Алонсони таклиф қилиш учун навбатга турди. Мана шу Алонсонинг «Реал» томон ташлаган қадамлари эди, зеро футболда шунақа, энг зўр бўлдингизми, сизни «Реал» кутади. Қисқаси, «Байер»да муваффақият қозонаётган Ҳаби Алонсо «Реал» учун гўёки Чехов ҳикояларидаги деворда осиғлиқ турган милтиқ эди ва бу қачон отилишини, яъни мураббий қачон Мадридда пайдо бўлишини кутиш қолганди, холос.
«Реал» эса ўз навбатида тизимли футболга қарши курашиб чарчади. Бошқа топ-клублар турли тактикалар, тизимлар устида бош қотираётган бир пайтда «Реал» энг содда йўл билан йил сайин энг муваффақиятли клуб сифатида намоён бўлар, бу ҳам Мадрид учун қўшимча уникаллик яратарди. Лекин сўнгги мавсум бу қараш ҳам доим натижа бермаслиги кўриниб қолди. «Реал» шу пайтгача индивидуал маҳоратга, шунингдек улардан ҳосил бўлган Кроос – Модрич, Винисиус – Мбаппе каби боғламларга таянган бўлса, йилдан йилга кетганларни алмаштириш қийинлашиб кетмоқда. Чунки Модрич ҳам, Кроос ёки Бензема ҳам ўзига яраша уникал, уларнинг кетиши табиий равишда жамоа ўйинидан ниманидир юлиб кетади. Доим изланишда бўлиш, индивидуал юлдузларнинг ўрнини босишга уриниш ҳам қиммат, ҳам доим ҳам ўхшамайди. Ўз-ўзидан Флорентино Перес соат каби ишлайдиган ва арзимас тузатишлар билан узоқ йилларга яраши мумкин бўлган тизимли жамоага эҳтиёж сеза бошлади.
Алонсо эса бунинг учун идеал номзод. Ҳам ўз тизими ва услуби билан танилган, ҳам натижа кўрсатган, шу билан бирга, типаж сифатида ҳам айни муддао – мухлислар ёқимтойи, футболчи сифатида катта тажрибаси бор, деярли ҳамма юлдузлар билан бирга тўп сурган, яъни янги авлод юлдузлари билан қандай гаплашишни билади.
Бундан ташқари, айниқса илк мавсумларда керак бўладиган фазилат – етарли даражада мослашувчан. У футболчилик пайтидаёқ ҳам прагматика қироли Жозе Моуринио, ҳам тактик Пеп Гвардиола остида тўп суриб, керакли таҳсилларни олган.
3-4-3 – янги «Реал»ми?
Шу кунларда ҳатто баъзи жиддий нашрларда ҳам қандайдир хавотирли мулоҳазалар янграй бошлади. Бу Алонсонинг тактик схемаси билан боғлиқ. Ҳаби ёш мураббий, катта футболда фақат «Байер»даги икки йиллик тажрибаси бор ва аҳамиятлиси, унинг барча ютуқлари 3-4-3 схемаси билан боғлиқ. Шундоқ ҳам маълум бир тактик қолипларга ўрганмаган «Реал» футболчилари учун энди янада мураккаброқ давр келмоқдами? Айниқса, Рубен Аморимнинг «МЮ»даги муаммолари вазиятни янада муҳим масалага айлантиради, зеро тўрт ҳимоячи билан ўйнаётган жамоанинг қисқа фурсатда уч ҳимоячига ўтиши анча оғриқли жараён деб айтилмоқда.
Келинг, «Реал» таркибини кўриб чиқамиз ва мабодо Алонсо ўзининг энг яхши билган услубини қўлламоқчи бўлса, қандай муаммолар пайдо бўлиши мумкинлигини тахмин қиламиз.
Марказий ҳимоя: Менимча, уч марказий ҳимоячи «Реал»да бемалол топилади. Алаба, Рюдигер каби футболчилар бироз олдинга чиқиб ўйнай олиши ҳатто 3-4-3 «Реал» ҳимояси учун янада мосроқ деган хулосага олиб келиши ҳам мумкин.
Қанот футболчилари: Бу биринчи муаммо. Ҳам ҳужумда, ҳам ҳимояда бирдек фойдали ҳаракат қиладиган футболчилар керак. Бу схемада қанот футболчилари марказлашиб эмас, майдонни кенгайтириши, яъни янада қанотда ўйнашини эътиборга олсак, Валверде ва Камавингадан ҳозиргидек фойдаланиш қийинлашиб кетади.
Таянч зона: Тўп учун курашадиган ва яхши пасга эга бўлган футболчилар керак. Менимча, Себалиос, Валверде, Беллинҳэм, Камавинга, Тчуамени кабилар билан энг комплектлашган позиция.
Ҳужумкор яримҳимоячилар: Одатда «Байер»да яққол ҳужумчи ортида икки нафар «ўнлик»лар тўп суради. Вирц масалан бу схема учун идеал футболчи. Нафақат тезкор ва дриблинг билан ўзи гол урадиган, балки ўткир пасларга уста, ўйинни бошқариш хусусияти бўлиши лозим. «Реал»да учликда тўп сурадиган на Вини, на Родри, на Диас тўлиқ бу профилга тушади. Икки «ўнлик»дан бошқачароғи сифатида ўйнашлари мумкин, аммо иккинчи футболчи учун албатта керакли типаж керак. Ҳозирги таркибдан фақат Арда Гулердан керакли футболчи ясаш мумкин. Аммо Гулер қанчалик тайёр, бу мавсум жавоб бермади.
Ҳужумчи: Бу тизимдаям Килиан Мбаппе ҳар қандай ҳужумчидан фойдалироқ бўлишига ишониш мумкин. Аммо бир муҳим жиҳат бор. Бу системада ҳужумчи доим керакли пайтда жарима майдонида очилиши, доим якунлаш учун тайёр туриши лозим. Ортга қайтиб, комбинацияларда иштирок этиш талаб этилмайди. Агар Алонсо тизими Мбаппега ҳар ўйинда 3-4 вазият яратиб беришга қодир бўлса, яъни Мбаппе ҳар ўйинда 1-2 гол уриб турса, мана шу статистика учун ҳам у берилган ролга рози бўлиши, дриблинг ёки чиройли голлар кетидан қувмаслиги мумкин. Масалан, кечки Роналду тезлиги ва дриблингни йўқотгач, мослашиб, яққол ҳужумчига айланган. Аввалгидек «роҳатланиб ўйнамаган» бўлса-да, голлар сони компенсация бўлиб хизмат қилган. Ёки Манчестерга келган Эрлинг Ҳоландни олайлик. Бир сафар у бутун ўйин давомида 9 марта тўпга тегиб, 3 гол урганди. Агар Мбаппе футбол ўйнаш эмас, гол уришга рози бўлса, бемалол машинага айланиши мумкин.
Демак, «Реал» ёз бўйи транфер бозорида фаол бўлиши, камида қанотга икки футболчи, шунингдек, камида бир нафар ҳужумкор яримҳимоячи сотиб олиши шарт бўлади.
Ҳаби Алонсо аслида анча мослашувчан мураббий экани, унинг асосий ютуғи мавжуд ижрочилардан келиб чиқиб тизим яратиши кўп бор айтилмоқда. Аммо унинг бу борада Анчелотти каби тажрибали эмаслигини ҳам тан олиш керак. Ҳа, «Байер»да у айнан ўша пайтдаги таркибдан келиб чиқиб 3-4-3 схемасини танлаган бўлиши мумкин, баъзи катта ўйинларда 4 ҳимоячи билан ҳам муваффақиятли тўп сургани («Бавария», «Боруссия», «Интер»га қарши) ҳам факт, аммо айнан топ-мураббий сифатида узоқ муддатли муваффақиятлар ҳозирча барибир 3-4-3 билан боғлиқ ва агар Алонсо бошқа шартлар ва схемада ҳам ўзини кўрсатиши эҳтимол бор, лекин бу ҳақида ҳозирча аниқ билмаймиз.
Трансферлар
«Реал»да Ҳаби Алонсо келиши билан ўзгараётган яна бир жиҳат трансфер сиёсатидир. Шу пайтгача Флорентино Перес ўзи истаганини, «Реал» имижи ва молиявий даромадлари учун хизмат қиладиган ҳар қандай футболчини сотиб олар ва уни таркибга мослаштириш, қай тариқа фойдаланиш бутунлай мураббийнинг зиммасидаги иш бўлиб қоларди. Шунинг учун ҳам айтайлик, Камавинга, Тчуамени каби футболчилар анча истеъдодли бўлишса-да, «Реал»да одатий ўрнига эга бўлишмади, асосан кемтик нуқталарни ёпиш билан шуғулланиб келишди.
Катта эҳтимол билан, Алонсо бунга кўнмайди. Ёш мураббий ўз тизими ишлаши учун маълум профилдаги футболчиларга эҳтиёж сезади ва раҳбариятдан уларни олиб беришни сўраши табиий. Музокараларда ҳам бу етарлича келишиб олингани шубҳасиз.
Ҳаби Алонсонинг Мадриддаги илк трансфери Дин Ҳаусен бўлмоқда. Испаниялик 20 ёшли марказий ҳимоячи АПЛ кашфиётларидан бири бўлди. Тўпни яхши назорат қила олади, майдонни кўриш ва турли масофаларга тўпни етказиб бериш хусусияти топ-даражада. Ҳужумларни бошлашда ва одатда узоқ давом этадиган «алонсоча» билд-апларда асосий фигуралардан бири бўлиши шубҳасиз.
Иккинчи трансфер ҳам айнан ҳимоя чизиғига – Трент Александр-Арнолд. Бу футболчини ортиқча таништириш шарт эмас. Португалия кубоги финалидан сўнг эса «Реал» чап қанот учун «Бенфика» билан Алваро Каррерас билан музокаларни бошлади. 22 ёшли футболчи аслида Мадрид тарбияланувчиси ҳисобланади, 2017-20 йилларда «Кастиля»да шуғулланиб, кейинчалик Манчестер академиясига йўл олган.
«Реал» кўриб чиқаётган яна бир футболчи – Анжело Штиллер. 24 ёшли марказий яримҳимоячи бир неча йилдан бери топ-клублар кўз остида. «Штутгарт» таркибида бу мавсум нафақат Бундеслигада, балки кучли бешлик чемпионатларида кўп кўрсаткичлар бўйича энг яхшилардан бўлди. Айтишларича, Штиллерни жамоага Тони Кроос тавсия қилган.
«Арсенал» билан деярли келишувга эришгани айтилаётган Мартин Субименди учун ҳам «Реал» курашиб кўриши мумкин экан. Ҳаби Алонсо ўз вақтида Субимендини «Сосиедад» ёшлар жамоасидан асосий таркибга учирма қилганини унутмаслигимиз керак.
Эътибор берсангиз, бу номлар асосан тўпни назорат қилишга уста бўлган ва элит даражада узатмаларни амалга оширадиган ижрочилар. Айниқса, Трент, Ҳаусен ва Штиллер. Шу билан бирга жисмоний томондан, катта зоналарни ёпиш, яккакурашлар борасида муаммолар бўлади. Худди Кроосни Каземиро, Беллингҳэмни Валверде доим қўллагани сингари, мазкур футболчилар учун ҳам ўзига яраша мос тизим ва керакли шароитлар жуда муҳим ҳисобланади. Ҳаби Алонсо ўз системасини қуришда Тчуамени, Валверде каби меҳнаткаш футболчиларнинг аҳамияти ҳам катта бўлишини ҳозирдан тахмин қилиш мумкин.
Бундан ташқари, маълум бўлишича, Ҳаби Алонсо «Комо»да ижарада тўп сурган «Реал» тарбияланувчиси Нико Пасни жамоага қайтариш тарафдори экан. Италияликлар Никодан рози ва ижара муддатини яна бир йилга чўзишни сўраётган бўлишса-да, мураббий жамоани тарк этган Лука Модричнинг ўрнида Нико Пасдан фойдаланмоқчи. Умуман, Ҳаби қаерда ишламасин, ёшларга кўпроқ эътибор қаратади ва таркибга фаол тарзда жалб қилиб келади. Бу жиҳатдан Эндрик, Гулер каби етарлича имкониятга эга бўлмаётган ёшлар учун ҳам айни муддао.
Шунингдек, матбуот анжуманида Алонсо келажак ҳақида жуда кўп тўхталди ва жумладан, Беллингҳэм жамоада асосий фигуралардан бири бўлиб қолиши, Винисиус ва Мбаппенинг жуфтликда тўп суриши муаммо эмаслиги, шунингдек, Родриго ҳеч қаерга кетмаслиги ҳақидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Хулоса
Ҳар қанча тахмин билдирилмасин, «Реал»нинг кучайиши ёки ортга қайтиши ҳақида турлича фикрлар янграмасин, жамоа янги мавсумда бошқача бўлади. Айниқса, Алонсонинг динамик футболга таяниши, фаол прессинг ва тўп назорати ўртасидаги мувозанат жиҳатидан Флик, Слот каби мураббийларга яқин экани ҳаммага маълум ва Алонсо Мадридда ҳам бу асосий принципларидан воз кечмайди. Ахир у Мадридга улардан воз кечиш учун эмас, ўз ғояларини каттароқ майдонда, каттароқ футболчилар билан намойиш қилиш учун келяпти.
Демак, футбол учун бу ажойиб янгилик. Чемпионлар Лигасида энди ким ютади, класиколар тақдири қандай ўзгаради, буни айтиш қийин-у, лекин бир нарса аниқ – энди ҳаммаси янада қизиқроқ бўлади.
Манба: Kun.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар