date
views 2 219

“Манчестер Сити” ёзда қанот ҳимоясига катта инқилоб тайёрламоқда!

“Манчестер Сити” ёзда қанот ҳимоясига катта инқилоб тайёрламоқда!
Англиянинг собиқ чемпион жамоаси “Манчестер Сити” янги мавсум олдидан таркибдаги энг муҳим нуқталардан бири бўлган қанот ҳимояси чизиғини янада мустаҳкамлаш учун жиддий ҳаракатга тушди. Клуб раҳбарияти ва бош мураббий Пеп Гвардиола мавсум давомида ҳимоя чизиғида юзага келган етишмовчилик ва муаммолардан хулоса чиқариб, ёзги трансфер бозорида икки ёрқин иқтидор эгасини жамоага қўшиб олишни кўзламоқда.

Таниқли италиялик спорт журналисти Фабрицио Романонинг маълум қилишича, “шаҳарликлар”нинг трансфер бўйича асосий нишони сифатида “Ньюкасл”нинг иқтидорли ёш ҳимоячиси Тино Ливраменто ва “Вулверхемптон” жамоасининг иқтидорли ярим ҳимоячи ва қанот ҳимоячиси Райан Аит-Нури кўрсатилмоқда.

Айни дамда “Манчестер Сити” раҳбарияти Аит-Нури билан музокараларни фаол олиб бормоқда ва бу ёш футболчининг тез орада “шаҳарликлар” сафини тўлдириши катта эҳтимол билан кутилмоқда. 23 ёшли Аит-Нури ўзининг тезлиги, техникаси ва яхши ҳужумда иштирок этиш қобилияти билан Гвардиоланинг талабларига мос тушади. Жорий мавсумда Аит-Нури Премер Лигада “бўрилар” сафида 37 ўйинда майдонга тушиб, 4 бор рақиб дарвозасини аниқ нишонга олган ҳамда 7 марта голли узатма берган. Transfermarkt экспертларининг баҳосига кўра, унинг трансфер нархи 35 миллион евро атрофида баҳоланмоқда.

Аммо Тино Ливраменто трансфери бўйича вазият бироз мураккаброқ тус олган. 22 ёшли бу иқтидор эгасини ўз сафида сақлаб қолиш “Ньюкасл”нинг асосий мақсадларидан бири бўлиб қолмоқда ва улар ҳозирча футболчи бўйича келаётган таклифларга жиддий эътибор бермаяпти. Жамоа раҳбарияти ёш футболчини ҳар қандай йўл билан ҳам клубда ушлаб қолмоқчи. Ливраменто жорий мавсумда ўз жамоасининг энг барқарор ўйинчиларидан бири бўлиб, Премер Лигада 37 ўйинда иштирок этган ва 1 марта ассист қайд этган. Transfermarkt унинг ҳозирги бозор қийматини тахминан 40 миллион евро деб белгилаган.

“Манчестер Сити”нинг қанот ҳимоясида ўтган мавсумда жиддий муаммолар юзага келган эди. Жамоанинг асосий қанот ҳимоячилари кўплаб жароҳатлар билан курашган ва баъзан бошқа позициялардан ўйинчиларни ушбу чизиққа ўтказиб туришга тўғри келган. Хусусан, Нико O’Райли ва Матеус Нуньес каби ярим ҳимоячилар ўз табиий позицияларидан ташқарида ўйнашга мажбур бўлишган. Бу эса Гвардиоланинг тактикаси ва ўйин сифатига таъсир кўрсатиб, жамоа учун жиддий бош оғриғи бўлди.

Ҳозирги кунда “шаҳарликлар” раҳбариятининг асосий мақсади – таркибдаги позициявий камчиликларни тўлдириш ва ҳар бир чизиқда юқори рақобат муҳитини шакллантиришдир. Аит-Нури ва Ливраменто каби футболчиларнинг келиши билан Гвардиола қанот ҳимоясида турли хил тактик вариантларни ишлаб чиқиш имкониятига эга бўлади.

Бу икки футболчининг трансферлари амалга ошган тақдирда, “Манчестер Сити” нафақат ҳимоя чизиғини мустаҳкамлайди, балки келгуси мавсумда ҳам Премер Лига ва Чемпионлар Лигаси каби нуфузли мусобақаларда ўз мавқеини янада мустаҳкамлашга умид қилиши мумкин.

Жамоа раҳбарияти бу ёзги трансфер ойнасида молиявий ресурсларни аямасдан, сифатли футболчиларни жалб қилиш орқали яна бир карра Европанинг энг кучли клублари билан рақобатлашадиган кучли таркибни шакллантириш истагида эканлигини очиқ кўрсатмоқда.

Ҳозирча Ливраменто ва Аит-Нури трансферлари ҳақида якуний қарор қабул қилинмаган бўлса-да, “Манчестер Сити”нинг ёзги трансфер стратегиясида бу икки иқтидорли футболчининг устувор аҳамият касб этиши шубҳасиз. Бу трансферларнинг амалга ошиши клуб мухлислари томонидан ҳам катта қизиқиш билан кутилмоқда.

Ёзги трансфер бозори давомида “Манчестер Сити”нинг бу йўналишдаги кейинги ҳаракатлари қандай бўлади? Бу саволга яқин ҳафталарда жавоб олишимиз мумкин бўлади. Аммо ҳозирги маълумотларга қараганда, Гвардиола ва унинг клуби ёзда жиддий трансфер инқилобини амалга оширишга тайёрланмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Манчестер Сити” ёзда қанот ҳимоясига катта инқилоб тайёрламоқда!