
Жорий мавсумда барқарорликка эришиш осон кечмаётган “Андижон” клуби ФИФА кунларидан унумли фойдаланиб, ўз устидан ишлашда давом этмоқда. Мавсум давомида турли қийинчиликларга дуч келган “Бургутлар” ҳозирда Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда.
Максим Шацких бошчилигидаги жамоа бу йиғинда тўлиқ таркибда иштирок этмаяпти. Жамоа сафида жароҳатлар ва кетган футболчилар туфайли етарлича йўқотишлар кузатилди. Хусусан, Олег Зотеев, Лука Ускокович ва Фарҳод Соҳибжонов жароҳат туфайли йиғинда қатнашмаяпти. Шунингдек, россиялик Ислам Машуков ва черногориялик Миомир Журичкович клубни тарк этгани ҳақида расман эълон қилинди.
Ташаккур ва хайрлашув сўзлари
Кетиш арафасида ҳар икки футболчи мухлисларга миннатдорлик билдирди. Ислам Машуков шундай деди:
“Андижон”нинг ишқибозларига катта раҳмат айтмоқчиман. Улар ҳар қандай шароитда жамоани қўллаб-қувватлашади. Афсуски, уларни хурсанд эта олмадим, аммо бунинг сабаблари бор эди. Максим Шацких каби мутахассис билан жамоа келажакда албатта яхши натижаларга эришади, деб ишонаман.”
Миомир Журичкович эса шундай фикр билдирди:
“Андижон” мен учун унутилмас жой бўлиб қолади. Бу ерда мухлислар жуда юқори даражада. Мен етарлича фойда келтира олмаганим учун кетишга қарор қилдим. Жамоага келажакда омад ва муваффақиятлар тилайман.”
Статистик кўрсаткичлар ва келажак режалар
30 ёшли Ислам Машуков жамоага катта умидлар билан келтирилган эди. Бироқ у Суперлига, Кубок ва Суперкубокда 13 учрашувда қатнашиб, фақатгина 2та голли узатма билан чекланди. Журичкович эса жами 10 учрашувда майдонга тушди ва ҳимояда барқарор ўйин намойиш этганига қарамай, ўз салоҳиятини тўлиқ намоён қила олмади.
Эндиликда барча эътибор ёзги трансфер ойнасига қаратилади. Клубнинг таркибни янгилаш ва айниқса, янги легионерлар билан мустаҳкамлаш нияти бор. “Андижон” сафида катта ўзгаришлар кутилмоқда.
Биз эса бу жараёнларни синчковлик билан кузатишда давом этамиз. Клубнинг келгуси қадамлари мухлислар учун янада қизиқарли бўлиши шубҳасиз. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар