
Ўзбекистон футболи ёш юлдузларининг яна бири Европада муваффақиятга эришмоқда. Россия Премьер-лигасида тўп сурётган 21 ёшли Аббосбек Файзуллаев жорий мавсумда клуб даражасида ҳам, шахсий фаолиятида ҳам муҳим ютуқларга эришди. Москванинг ЦСКА жамоаси сафида у илк бор Россия футболидаги нуфузли совринларни қўлга киритди.
ЦСКАнинг баҳорги парвози — бронза ва кубок
ЦСКА жамоаси мавсумнинг биринчи ярмини олтинчи ўринда якунлаган бўлса-да, қишки танаффусдан сўнг жамоа бутунлай янгича нафас билан майдонга чиқди. Марко Николич бошчилигидаги “армиячилар” баҳорги ўйинларда мағлубиятга учрамади — 8 та ғалаба ва 4 та дуранг эвазига чемпионатни учинчи ўринда якунлаб, бронза медалларини қўлга киритишди.
Шунингдек, ЦСКА Россия Кубогида ҳам ўз сўзини айтди. Финалда “Ростов”ни драматик пенальтилар сериясида мағлуб этган москваликлар мавсумни кубок билан якунлашга муваффақ бўлишди.
Файзуллаев: “Мен учун бу кубок жуда қиммат”
Аббосбек Файзуллаев совринли мавсум ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди:
“Бу менинг Россиядаги биринчи совриним ва бу жуда муҳим. Жамоа билан катта йўлни босиб ўтдик, айниқса “Зенит”га қарши ўйиндаги ғалаба унутилмас бўлди. Биз бу мукофотга муносиб бўлдик.”
Аббос мавсумдаги шахсий кўрсаткичларга ҳам тўхталиб ўтди:
“Аввалги йилда 5 та гол ва 14 та ассист қайд этгандим. Бу сафар 3+8 натижага эришдим. Мавсумнинг иккинчи қисмида позициям ўзгарди ва бу статистикага таъсир қилди. Лекин мен янги рольга мослашишга ҳаракат қиляпман.”
Суперкубок — навбатдаги мақсад
ЦСКА жамоаси олдинда яна бир йирик соврин — Россия Суперкубоги учун кураш олиб боради. Уларда чемпион “Краснодар”га қарши ҳал қилувчи ўйин кутиб турибди. Бу баҳснинг санаси ва жойи тез кунларда эълон қилиниши кутилмоқда.
Ёш бўлса-да, ютуқлари кўп
Аббосбек ўз фаолияти давомида аллақачон бир қатор совринларга эга бўлган. “Пахтакор” сафида уч карра Ўзбекистон чемпиони, Суперкубок соҳиби, Ўзбекистон U-20 терма жамоаси билан Осиё кубоги ғолиби бўлган.
Шунингдек, у “Осиё кубоги U-20”нинг энг яхши ўйинчиси, икки бор Ўзбекистоннинг “Йил футболчиси”, Россия Премьер-лигасининг “Мавсум кашфиёти” ва 2023 йилда “Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси” деб эътироф этилган.
Аббосбек Файзуллаев фақат майдонда эмас, балки муваффақиятлар йўлида ҳам ўз ўйинини кўрсатмоқда. Унинг Россиядаги илк мавсуми унда янги синавлар ва янги ютуқлар билан бойиб бормоқда. Унинг олдида яна кўп марралар, яна кўп медаллар бор — ва мухлислар ундан катта ютуқларни кутиб қолмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар