
Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган “Asia Auto Gymkhana Championship 2025” мусобақасининг биринчи босқичи Ўзбекистон автоспорт жамоаси учун ёрқин ва юксак натижалар билан бошланди. Мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган NAFKU жамоаси мусобақанинг дастлабки босқичида кучли жамоалар қаторидан жой эгаллаб, халқаро ареналарда ўзини муносиб намоён этмоқда.
Дилшод Юсупов – саралашдаги порлоқ натижа
Мусобақанинг машғулот қисмида Дилшод Юсупов энг яхши вақтни қайд этиб, саралаш босқичида иккинчи ўринни эгаллади. Бу натижа унинг юқори даражадаги маҳорат ва тайёргарлигидан далолат берди.
Жуфтлик баҳсида кумуш медаль
Жуфтлик баҳслари янада қизғин тарзда ўтди. Дилшод Юсупов ва Алим Аҳмаджонов дуэти юқори тезлик, аниқ ҳаракатлар ва мукаммал мувофиқлик билан катта таассурот қолдирди. Улар эркаклар жуфтлик баҳсида кучли рақиблар орасида кумуш медалга сазовор бўлди. Бу эса жамоавий рейтингдаги юқори ўринга йўл очди.
Ўзбекистон – умумжамоа ҳисобида иккинчи
Биринчи босқич якунларига кўра, Ўзбекистон умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Бу натижа – нафақат пилотлар, балки бутун мураббийлар штаби ва автоспорт ишқибозлари учун ҳам ғурур туйғусини улашмоқда.
Финал Тошкентда бўлиб ўтади
Олдинда чемпионатнинг яна тўртта босқичи қолди. Уларнинг ҳар бири халқаро спорт майдонларида — Шри-Ланка, Ҳиндистон ва Тайпейда ўтказилади. Энг қизиғи ва тарихий жиҳатдан муҳим финал босқичига эса Ўзбекистон мезбонлик қилади. Бу ўз навбатида нафақат юртимизда автоспортга бўлган қизиқишни янада оширади, балки мамлакатимиз нуфузини халқаро майдонда янада мустаҳкамлайди.
Автомотоспортнинг бу кўриниши нафақат техник маҳорат, балки стратегия ва жамоавий ҳаракатни талаб қилади. NAFKU жамоаси биринчи босқичдаги муваффақиятлари билан ўзини жиддий рақиб сифатида кўрсата олди. Уларга келаси босқичларда ҳам омад ва янада юқори натижалар тилаймиз! «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар