
Европанинг энг машҳур клубларидан бири ҳисобланган «Барселона» яна бир бор молиявий қоидаларга риоя қилмагани сабабли жиддий санкциялар остида қолиши мумкин. Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УEФА) каталонияликларнинг бу ҳаракатларини синчиклаб ўрганмоқда ва яқин орада жиддий жазо чоралари қўлланиши мумкинлиги айтилмоқда. Бу ҳақда Британиянинг машҳур нашри The Times хабар тарқатди.
Маълум бўлишича, каталониялик жамоа молиявий фейр-плей талабларига риоя қилмасликни давом эттирмоқда. Клуб трансфер бозоридаги имкониятларини кенгайтириш мақсадида номоддий активларни сотишдан тушган даромадларни нотўғри ҳисоблаб, футболчи харид қилиш учун қўшимча маблағ шакллантирган. Бу ҳолат УEФА томонидан ўтказилган текширувларда аниқланган ва ташкилот томонидан жиддий огоҳлантириш берилган эди.
2024 йилнинг куз ойларида ҳам худди шундай сабаб билан Каталония клуби УEФА томонидан 500 минг евро миқдорида жаримага тортилган эди. «Барселона» раҳбарияти ушбу қарорни адолатсиз деб топиб, Спорт арбитраж судига (CAS) мурожаат қилган, аммо уларнинг бу шикояти рад этилганди.
Аммо, кўринишидан, клуб раҳбарияти ҳали ҳам қоидаларга риоя қилмаслик сиёсатини давом эттиришга қарор қилган кўринади. УEФА ва унинг молиявий назорат қўмитаси янги ҳолатларни кўриб чиқмоқда ва бу сафар санкциялар янада қаттиқроқ бўлиши мумкин. Агар клубнинг молиявий қоидаларни бузиши яна бир марта тасдиқланса, 2025/26 йилги Чемпионлар лигаси мавсумида «Барселона»га бир нечта очко жаримаси тайинланиши эҳтимоли юқори.
Бундан ташқари, «Барселона» янги харид қилган футболчиларини расмий рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум этилиши ҳам мумкин. Бу эса, клубнинг трансфер бозоридаги ҳаракатлари чекланиб, таркибни кучайтириш имкониятлари кескин пасайишига олиб келади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, УEФА сўнгги йилларда молиявий интизомга қаттиқ эътибор қаратмоқда ва қоидаларни бузган клубларга жиддий санкциялар қўлланиши кутилади. Каталониялик клуб раҳбариятига бу вазиятни тўғри баҳолаб, келажакда бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун жиддий чоралар кўриши тавсия этилади.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги йилларда молиявий жиҳатдан катта қийинчиликларни бошдан кечираётган «Барселона»нинг бундай можароларга тез-тез аралашиб қолиши клубнинг обрўсига ҳам таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Мухлислар ва футбол экспертлари эса вазиятнинг кейинги ривожини диққат билан кузатиб бормоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг