date
views 7 649

Ўзбекистон бокс терма жамоасига кубалик машҳур мураббий келди!

Ўзбекистон бокс терма жамоасига кубалик машҳур мураббий келди!
Ўзбекистон бокс федерацияси миллий терма жамоанинг мураббийлар таркибини янада кучайтиришга қарор қилди. Жамоамиз мураббийлар штабига катта халқаро тажрибага эга бўлган кубалик машҳур мураббий Фернандез Хименез Барбаро қўшилди. Бу ҳақда федерация расмий манбалари хабар бермоқда.

Фернандез Хименез Барбаро Элшод Расулов бошқарувидаги Ўзбекистон аёллар бокс миллий терма жамоасида катта мураббий сифатида ўз фаолиятини бошлади. Унинг профессионал фаолияти 40 йилдан ошган бўлиб, шу давр мобайнида у дунёнинг турли мамлакатлари терма жамоаларида бош мураббийлик лавозимида ишлаган.

Кубалик мутахассис бокс оламида юқори натижаларга эришган кўплаб спортчиларни тарбиялаб, бир нечта Олимпия ва жаҳон чемпионлари етишиб чиқишига катта ҳисса қўшган. У нафақат техник ва тактик жиҳатдан кучли спортчиларни шакллантириши, балки уларнинг руҳий ва жисмоний тайёргарлигини ҳам юқори даражага кўтариши билан ном қозонган.

Ўзбекистон бокс федерацияси раҳбариятининг таъкидлашича, Барбаронинг жамоага келиб қўшилиши миллий терма жамоамизнинг халқаро мусобақалардаги имкониятларини янада яхшилашга хизмат қилади. Айниқса, аёллар терма жамоасининг нуфузли мусобақалардаги натижалари яхшиланишига умидлар катта.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, кейинги пайтларда мамлакатимизда бокс соҳасидаги юқори натижалар ва ютуқларнинг ортиб бориши фонида, халқаро тажрибага эга бўлган мураббийларнинг жалб қилиниши бу соҳани янада юқори даражага кўтаришни кўзлаган ҳолда амалга оширилмоқда.

Фернандез Хименез Барбаро ҳам Ўзбекистон терма жамоаси билан биргаликда ишлаш имконияти пайдо бўлганидан жуда мамнун эканлигини ва Ўзбекистон аёллар боксини халқаро миқёсда етакчи ўринларга олиб чиқиш учун бор билим ва тажрибасини ишга солишини билдирди.

Энди мухлисларимиз кубалик машҳур мураббий раҳбарлигида терма жамоамизнинг янги ғалабалари ва муваффақиятларини интизорлик билан кутмоқда. Биз эса кубалик мутахассис ва терма жамоамизга янги зафарлар тилаб қоламиз!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистон бокс терма жамоасига кубалик машҳур мураббий келди!