date

“Андижон” бош мураббийи: Ҳеч кимга асосий таркиб кафолат эмас!

“Андижон” бош мураббийи: Ҳеч кимга асосий таркиб кафолат эмас!
Тожикистонда ўтказилаётган машғулотлар йиғини доирасида “Андижон” клуби маҳаллий “Хўжанд” жамоасига қарши ўртоқлик учрашувини ўтказди ва ушбу беллашув 1:1 ҳисобида якунланди. Учрашувдан сўнг жамоа бош мураббийи Максим Шацких клуб матбуот хизматига интервью бериб, жамоа ҳолати ва келгуси режалар ҳақида фикр билдирди.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, “Хўжанд” билан бўлган беллашув нафақат физик ҳолат, балки тактик кўникмаларни синовдан ўтказиш учун муҳим имконият бўлди. “Яхши рақибга қарши майдонга тушдик. Бу ўйинда футболчиларнинг жисмоний ва руҳий тайёргарлигини баҳолашга, ёшларимизни кўздан кечиришга эътибор қаратдик. Айниқса, ўринбосарлар сафидан жалб қилинган футболчилар ўз имкониятларини намоён этишга интилдилар”, — деди Шацких.

Бош мураббий бу каби беллашувлар ёш футболчилар учун катта тажриба мактаби эканини таъкидлади. “Ёшлар тажрибали футболчилар билан бирга ўйин ўтказиб, фойдали хулосалар чиқаради, ўз салоҳиятини ривожлантиради. Бу улар учун қимматли тажриба,” — дея қўшимча қилди у.

У шунга ҳам эътибор қаратдики, ўйин юқори темпда кечган бўлса-да, майдон сифати анча паст даражада бўлгани натижада ўйин сифатига таъсир кўрсатган. Шунга қарамай, жамоа мураббийлар штаби томонидан берилган кўрсатмалар майдонда тўлиқ бажарилгани қайд этилди.

“5 кунлик тайёргарлик давомида қилган ҳаракатларимизни бу ўйинда кўра олдик. Бир кунлик дам оламиз ва кейин “Бухоро”га қарши чемпионат баҳсига жиддий тайёргарликни давом эттирамиз”, — деди мураббий.

Тожикистондаги йиғиннинг ташкил этилиши ва шароитларига ҳам мураббий ижобий баҳо берди. “Бу ерда барча шароитлар яхши, ҳаво ҳам жуда яхшилагина. Ҳеч қандай шикоят йўқ. Режамизга мувофиқ машғулотлар давом этмоқда. Йигитлар берилган кўрсатмаларга риоя қилган ҳолда жиддий ишламоқда,” — дея қайд этди у.

Бош мураббий шунингдек, яқинда жамоани тарк этган легионерлар ҳақида ҳам фикр билдирди. “Журичкович ва Машуков билан гаплашдик. Улар клуб билан тушунмовчилик туфайли кетишди. Лекин мен ҳар доим таъкидлаганман: ҳеч бир ўйинчига асосий таркиб кафолатланмаган. Ким яхши ўйнаса, ўша майдонга тушади”, — деди Шацких.

Унинг таъкидлашича, футболда адолат ва рақобат муҳим, ким кўпроқ меҳнат қилса, у имкониятга эга бўлади. “Машғулотларда ўзини кўрсатган футболчини биз ишонч билан майдонга туширамиз. Бу маҳаллий футболчими, легионерми — фарқи йўқ. Муҳими, ким ўзида куч ва интилиш кўрсатяпти — ўша ўйнайди,” — деди мутахассис.

Шацких сўнгги сўзларида шундай қўшимча қилди: “Ўйинчи майдонга тушган бўлса, у мураббийнинг кўрсатмаларини тўлиқ бажариши шарт. Бу менинг шахсий талабим, шу билан бирга, футбол қонуни ҳам шундай.”
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Андижон” бош мураббийи: Ҳеч кимга асосий таркиб кафолат эмас!