date
views 2 046

Тарих яратган қаҳрамонлар: футболчиларимизга Президент совғаси тайёр!

Тарих яратган қаҳрамонлар: футболчиларимизга Президент совғаси тайёр!
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихида биринчи марта жаҳон чемпионатига чиқиш орзусини амалга ошириб, мамлакат шарафини дунё саҳнасида ҳимоя қилиш имкониятини қўлга киритди. Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтган ҳал қилувчи баҳсда олинган дуранг натижа юртимизнинг барча гўшаларида катта шодиёна билан нишонланмоқда.

Мамлакатимиз миллий жамоаси ўзининг тарихий муваффақиятидан сўнг Бирлашган Араб Амирликларидан пойтахт Тошкентга қайтмоқда. Миллий жамоа аъзоларини кутиб олиш учун минглаб юртдошларимиз пойтахт кўчаларида ҳайратомуз маросимга тайёргарлик кўришмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов расмий маълумот берди.

Унинг хабар қилишича, миллий жамоанинг бутун аъзолари шарафига ўтказиладиган тантанали маросимда давлат раҳбари номидан махсус совғалар тайёрланган. Ушбу қимматбаҳо совға BYD русумидаги автомобиллардир. Бу каби эътибор ва рағбат футболчиларимизга кўрсатилган юксак ишонч ва миннатдорликнинг тимсолидир.

Шу билан бирга, Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийлари, футболчилари ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси ходимлари ўзларининг катта жасорат ва меҳнатлари учун давлатнинг нуфузли мукофотлари билан ҳам тақдирланади. Улар давлат ва халқ томонидан муносиб равишда рағбатлантирилади.

Футболчиларимизнинг ушбу тарихий ғалабаси мамлакатимизнинг спорт соҳасидаги энг муҳим ютуқлардан бири сифатида олтин ҳарфлар билан ёзилади. Улар яратган ушбу муваффақият юрт ёшларига ҳам катта намуна бўлиб, янги авлод спортчиларнинг юксак мақсадлар қўйиб, шу йўлда мардонавор ҳаракат қилишга илҳомлантиради.

Барча юртдошларимиз футболчиларимизни пойтахтимиз кўчаларида катта шоду-хуррамлик билан кутиб олишни сабрсизлик билан кутишмоқда. Ушбу тарихий кунда бутун Ўзбекистон бирлашиб, миллий жамоамизнинг улкан ғалабасини кенг нишонлашга тайёр турибди!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Тарих яратган қаҳрамонлар: футболчиларимизга Президент совғаси тайёр!