
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг жаҳон чемпионатига илк бор йўлланма қўлга киритиши нафақат мамлакатимиз, балки халқаро футбол майдонида ҳам катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Мутахассислар, таниқли мураббийлар ва собиқ футболчилар томонидан бу ютуқ юксак баҳоланмоқда. Бугун сизларга айрим нуфузли шахсларнинг бу ҳақдаги фикр-мулоҳазаларини тақдим этамиз.
Юрий Сёмин: "Ўзбекистонда футбол янги босқичга чиқмоқда"
Машҳур россиялик мутахассис, "Локомотив Москва" ва "Динамо Киев" жамоаларида фаолият юритган Юрий Сёминнинг таъкидлашича, Ўзбекистон футболининг ўсиши изчил ва сезиларли тус олмоқда.
“Ўзбекистонда футбол салоҳияти ўсмоқда. Улар тарбиялаётган ўйинчиларга эътибор беринг: Аббосбек Файзуллаев бизда тўп суряпти. Яна бир иқтидор — Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити” сингари дунё грандида. Бу ҳолат ўсмирлар ва ёшлар жамоаларида олиб борилаётган ишлар самараси, дегани. Бу йўлдан ортга қайтмаслик керак,” — деди Сёмин.
Унинг фикрича, Ўзбекистон футбол федерациясида изчил тизим шаклланган. “Ўтган йили Олимпиадада қатнашишди, энди эса мундиал. Бу бежизга эмас — жиддий ислоҳотлар натижаси. Яқин келажакда ҳам улардан янги юлдузлар чиқиши аниқ,” — деди у.
Жаъфар Ирисметов: "Бу бутун халқнинг зафаридир"
Ўзбекистон терма жамоаси собиқ ҳужумчиси Жаъфар Ирисметов эса бу ютуқни бутун халқнинг умумий зафари сифатида таърифлади.
“Йигитларимиз кўп йиллик орзуларни амалга оширишди. Ҳар бир ўзбекистонлик бу хабарни эшитиб фахрланди. Футболчиларимиз майдонда ҳакам зарбасигача тинимсиз курашди. Бир очко ҳам бизга мундиал эшикларини очди. Бу катта муваффақият,” — деди Ирисметов.
Унинг таъкидлашича, жамоа жуда зўр тайёргарлик кўрган ва мураббий Тимур Кападзе бу жараёнда юксак савияда иш олиб борди. “Жамоа аниқ режа ва интизом билан ўйнади. Йигитлар масъулиятни тўлиқ ҳис қилди. Тимурни алоҳида табриклайман,” — деди у.
Саралаш жараёни ҳақида
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилги Жаҳон чемпионати учун Осиё минтақасидаги саралаш босқичининг учинчи раунди жуда шиддатли кечди. “А” гуруҳидаги Ўзбекистон терма жамоаси Эрон билан биргаликда мундиалга тўғридан тўғри йўлланма олди. Ҳар бир гуруҳдан фақат икки жамоа бевосита финал босқичига йўл олмоқда.
Гуруҳдаги 3- ва 4-ўрин эгалари эса қолган йўлланмалар учун қўшимча босқичда курашни давом эттиради. Ўзбекистон терма жамоаси эса сўнгги турда — 10 июнь куни Тошкентда Қатарга қарши баҳс ўтказади.
Мундиал 2026 АҚШ, Канада ва Мексикада ташкил этилади. Ўзбекистон учун бу жаҳон чемпионатида тарихдаги илк бор қатнашиш, ўз салоҳиятини бутун дунёга кўрсатиш имкони бўлади.
Zamin.uz таҳририяти терма жамоамизни ушбу синовда ҳам муваффақиятли ҳаракат қилишига ишонади ва мухлислар билан бирга ғалабалар тилаб қолади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар