
Италиянинг машҳур клуби «Рома» расман янги бош мураббийни таништирди. Жан Пьеро Гасперини клуб билан 2028 йилгача мўлжалланган шартномага имзо чекди. Ушбу тайинлов клуб тарихида янги саҳифани бошлаши мумкин.
67 ёшли мутахассис аввалги 9 йилни «Аталанта» клубида ўтказиб, жамоани янги поғоналарга олиб чиққан. Унинг раҳбарлигида бергамоликлар Европа футболида ўз ўрнини мустаҳкамлаб, 2024 йилда Европа Лигасида ғалаба қозонганди. Бу эса Гасперинининг юқори даражадаги мураббий эканини яна бир бор исботлади.
«Рома» эса ўтган мавсумни турли бурилишлар билан ўтказди. Мавсумни бошлаган хорват мутахассис Иван Юрич клубга кутилган натижаларни беролмагани учун истеъфога чиқарилди. Унинг ўрнини 73 ёшли тажрибали мутахассис Клаудио Раньери эгаллади ва жамоани Европага олиб чиқди — «Рома» мавсумни 5-ўринда якунлаб, Европа Лигаси йўлланмасига эга чиқди. Мусобақа сўнгида Раньери мураббийлик фаолиятини расман якунлади.
Энди эса навбат Гасперинида. Унинг тактик қарашлари, футболга янгича ёндашуви «Рома»да янги услуб ва руҳият пайдо қилиши кутилмоқда.
Айни пайтда клуб сафида ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродов ҳам ҳаракат қилмоқда. У 2021 йилдан буён жамоа аъзоси ҳисобланади. Ўтган мавсумда 27 ўйинда иштирок этиб, 4 та гол урди. Янги мураббий қўл остида Элдорнинг ҳам майдондаги ўрни ва имкониятлари янада кенгаяди, деган умид бор.
«Рома»нинг янги саҳифаси бошланди — мухлислар эса янги даврдан кучли таассуротлар кутишмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар