date
views 849

Европанинг юлдузи Саудияга йўл олди: Осимхен «Ал-Ҳилол»да!

Европанинг юлдузи Саудияга йўл олди: Осимхен «Ал-Ҳилол»да!
Европа футболининг сўнгги мавсумлардаги энг ёрқин ҳужумчиларидан бири саналган Виктор Осимхен фаолиятида янги саҳифа очишга қарор қилди. Африка қитъасининг энг иқтидорли вакилларидан бири ҳисобланган нигериялик футболчи энди фаолиятини Саудия Арабистонида давом эттирадиган бўлди.

Маълум қилинишича, ҳужумкор футболчининг келажаги ҳақидаги хабарларни илк бор Италиялик машҳур инсайдер Николо Скира тарқатди. Унинг маълумотига кўра, 26 ёшли футболчи "Ал-Ҳилол" клуби билан шахсий келишувга эришиб бўлган. Саудиянинг машҳур клуби билан тузилган шартнома 2029 йилнинг ёзига қадар давом этади.

Шунингдек, шартнома тафсилотлари ҳам маълум қилинди: Виктор Осимхен ҳар бир мавсум учун нафақат ўйин амалиёти, балки рекорд даражадаги маош билан ҳам таъминланади. Жумладан, нигериялик юлдуз Саудия Арабистонидаги ҳар йили учун 35 миллион евро атрофида пул ишлаб топади. Бу эса Осимхенни жаҳон футболидаги энг юқори маошли футболчилар қаторига олиб чиқади.

Ўтган мавсум давомида футболчи учун вазият анча чигаллашган эди. Италиянинг “Наполи” клуби билан шартномаси бўлган Осимхен раҳбарият билан келиб чиққан келишмовчиликлар туфайли Италия клубини тарк этишга қарор қилган ва Туркиянинг "Галатасарой" клубига бир мавсумга ижара асосида кўчиб ўтган эди. "Галатасарой" сафидаги ўйинларида у яна ўзининг юқори даражадаги гол уриш қобилиятини кўрсата олди ва Европанинг қатор йирик клублари эътиборини қайта тортишга эришган эди.

Футболчи учун нафақат Европанинг йирик жамоалари, балки Англия Премьер-лигасидан ҳам қизиқиш билдиришди. Бироқ Осимхен бу гал Европа футболида қолишни эмас, балки Шарққа саёҳат қилишни маъқул кўрди. Бу қарорни қабул қилишда эса, табиийки, Саудиянинг футболда олиб бораётган янги сиёсати ва улар таклиф қилаётган молиявий шартлар муҳим омил бўлди.

Осимхеннинг трансфери ҳақидаги якуний қарорни яқин кунларда "Наполи" раҳбарияти қабул қилиши кутилмоқда. Экспертлар таъкидлаётганидек, саудияликлар футболчи учун катта трансфер суммасини тўлашга тайёр бўлишлари эҳтимоли катта, бу эса "Наполи" раҳбарияти учун ҳам жуда қулай бўладиган кўринади.

Эслатиб ўтамиз, Виктор Осимхен ўзининг профессионал фаолиятини Европада бошлаган ва «Лилль» клубидаги порлоқ ўйинларидан сўнг «Наполи» клубига рекорд суммага трансфер қилинган эди. Европанинг энг зўр тўпурарларидан бири бўлган ҳужумчи энди ўз иқтидорини ва гол уриш маҳоратини Шарқда намойиш этиш имкониятига эга бўлади.

Бу трансфер, шубҳасиз, Саудия Арабистонидаги футболнинг жаҳон майдонида обрўсини янада кўтаради ва келгуси мавсумларда яна бир нечта юлдуз футболчиларни ушбу мамлакатга жалб қилишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Европанинг юлдузи Саудияга йўл олди: Осимхен «Ал-Ҳилол»да!