
Ўзбекистон миллий терма жамоаси БАА билан муҳим баҳсда дуранг қайд этиб, 2026 йилги Жаҳон чемпионатига йўлланмани нақд қилганидан кейин ФИФА бу ютуққа ўзининг расмий саҳифаси орқали алоҳида муносабат билдирди. Халқаро федерация юртимиз футболи учун ушбу воқеанинг тарихи аҳамиятини эътироф этиб, ўтмишнинг кўплаб афсонавий номлари мисолида бу ютуқнинг қийматига урғу берди.
ФИФА хабарида қайд этилишича, ўтган ўнлаб йиллар давомида Сервер Жепаров, Одил Аҳмедов, Игнатий Нестеров ва Максим Шацких каби ўзбек футболи юлдузлари бор кучини терма жамоа учун сарфлаган бўлса-да, тарихий орзуга — Жаҳон чемпионати йўлланмасига эриша олмаган эди. Улар сафида мамлакат футболи тарихида алоҳида ўрин тутадиган Тимур Кападзе ҳам бор эди. Аммо тақдирнинг ўз ўйини бор экан — айнан Тимур Кападзе, ўйинчи сифатида бажара олмаган вазифани мураббий сифатида уддалаб, ўз номини абадий тарих саҳифаларига муҳрлади.
Кападзе миллий жамоада футболчи сифатида 119 та учрашувда қатнашган бўлса, энди 43 ёшида мураббий сифатида миллий термамизни мундиалга олиб чиқди. Бу унинг фақат ўзбекистонлик мухлислар қалбида эмас, балки жаҳон футбол жамоатчилигида ҳам ҳурмат қозонишига сабаб бўлди.
Ўзбекистон терма жамоаси ўтмишда Германия–2006 ва Бразилия–2014 саралаш босқичларида бир неча бор оғриқли ва аламли мағлубиятларга учраб, мундиал остонасида қолган эди. Ҳар гал футбол ишқибозларининг юрагида афсус ва умидсизлик қолган бўлса, бу гал Абу-Дабидаги кескин ва асабий ўйинда қайд этилган 0:0 дурангнинг ўзи тарихи бурилиш нуқтаси бўлди.
Бу тарихий натижа нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақаси учун ҳам биринчи бўлиб мундиалга йўлланма олингани билан аҳамиятлидир. Минтақада футбол тарихи бир асрлик даврни қамраб олса-да, шу кунгача ҳеч бир миллий терма жамоа бу ютуқни қайд эта олмаган эди.
Шу билан бирга, мамлакат футболи кўп мусибатларни ҳам бошидан кечирган. 1979 йили собиқ иттифоқ чемпионатида қатнашган "Пахтакор" жамоасининг авиаҳалокати, Ўзбекистон футболи тарихидаги энг қайғули воқеа сифатида қолган эди. Ундан кейин, кўп йиллар мобайнида мамлакатда футбол тизимини қайта тиклаш ва ривожлантириш бўйича катта ишлар олиб борилди.
Бу саъй-ҳаракатлар натижасида мамлакатда замонавий футбол академиялари ташкил этилди, ёшлар терма жамоалари эса жаҳон миқёсидаги турнирларда юқори натижалар кўрсата бошлади. Сўнгги ўн беш йил ичида Ўзбекистон ёшлари икки марта U-17 Жаҳон чемпионатида чорак финалга чиққан, U-20 терма жамоаси эса яқинда Аргентинада бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида 1/8 финалгача етиб борди. Олимпия термаси эса 2024 йили Парижда бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида иштирок этиш билан яна бир тарихий натижани қайд этди.
ФИФА Ўзбекистон миллий жамоасидаги ёш авлод истеъдодларини ҳам алоҳида эътироф этган. Хусусан, Аббосбек Файзуллаев тезкорлиги ва тинимсиз ҳаракатлари билан мухлисларнинг меҳрини қозонган бўлса, Абдуқодир Ҳусанов кучли иродаси, бақувватлиги ва етакчилик қобилияти билан нафақат маҳаллий жамоаларда, балки Англиянинг гранд клуби — "Манчестер Сити"да ҳам ўзини кўрсатишга муваффақ бўлди.
Шундай қилиб, миллий термамизнинг тарихий муваффақияти нафақат ўзбекистонлик мухлисларнинг, балки халқаро футбол жамоатчилигининг ҳам катта эътирофига сабаб бўлди. Эндиликда жаҳон футбол ҳамжамияти Ўзбекистоннинг келгуси йили АҚШ, Канада ва Мексикада ўтадиган мундиалдаги дебютини катта қизиқиш билан кузатишни бошлади. Бу тарихий воқеа Ўзбекистон футболида янги давр бошланганини тасдиқловчи буюк қадам сифатида қабул қилинмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар