date
views 129

Одил Ҳамробеков: Қатарга қарши ўйиндан сўнг барчасини ҳис қиламиз

Одил Ҳамробеков: Қатарга қарши ўйиндан сўнг барчасини ҳис қиламиз
Ўзбекистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Одил Ҳамробеков жамоа машғулотлари пайтида журналистлар билан суҳбатда бўлиб, кейинги учрашув ва умумий тайёргарлик ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

Миллий жамоамиз Қатарга қарши муҳим баҳс арафасида сўнгги тайёргарликларни олиб бормоқда. Ушбу учрашув Осиё минтақасидаги саралаш босқичининг якунловчи ўйини бўлиши билан бирга, ўз майдонимизда мухлислар олдида ўйналиши билан ҳам муҳим аҳамиятга эга.

“Тайёргарлик жуда яхши руҳда давом этяпти. Йўлнинг бу босқичини чиройли тарзда якунлашни, мухлисларимизга ҳурсандчилик улашиб, ғалаба билан тугатишни мақсад қилганмиз. Кеча тикланиш машғулотлари ўтказдик, бугун ва эртага эса тўлиқ майдонда шуғулланамиз. Ўз стадионимизда, ўз юртдошларимизни хурсанд қилиш учун бор кучимизни ишга соламиз,” — деди Ҳамробеков машғулотлардан сўнг.

Унга кўра, жамоа таркибида кайфият юқори ва футболчиларнинг мотивацияси мустаҳкам. “Ҳиссиётлар бошқача. Шахсан ўзим ҳам нималарга эришганимизни тўлиқ англаб ета олмаяпман. Қатарга қарши ўйиндан кейин, ўз мухлисларимиз кўз ўнгида барча меҳнатларимизни нишонлаш ва чин маънода ҳис қилиш имкони бўлади,” — дея қўшимча қилди миллий жамоамизнинг тажрибали футболчиси.

Таъкидлаш жоизки, бу учрашув жамоамиз учун нафақат саралаш нуқтайи назаридан, балки мухлислар олдидаги масъулият жиҳатидан ҳам муҳим ҳисобланади. Ўйиндаги натижа Ўзбекистон терма жамоасининг кейинги босқичдаги ҳаракатлари учун катта аҳамиятга эга бўлади.

Футбол мухлислари эса ўз севимли жамоасини қўллаб-қувватлаш учун стадионни тўлдиришга ва улкан руҳдаги ғалабага гувоҳ бўлишга тайёр. Ҳамробеков ва жамоадошлари эса ана шу ишончни оқлашга интилаяпти.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Одил Ҳамробеков: Қатарга қарши ўйиндан сўнг барчасини ҳис қиламиз