
Жаҳон чемпионатига саралашнинг 3-босқичи арафасида Қатар терма жамоаси ҳужумчиси Алмоез Али муҳим учрашув — Ўзбекистонга қарши ўйин олдидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
28 ёшли тожик этник келиб чиқишга эга бўлган Қатар футболчиси жамоасининг саралаш босқичидаги муваффақият ва қийинчиликларини очиқ-ойдин ифодалади:
“Ўзбекистонга қарши жуда жиддий ўйинга тайёргарлик бошлаб юборилди. Жамоамиз бу босқичда турли қийинчиликларга дуч келди. Айниқса, ўз майдонимизда жуда яхши ўйинлар кўрсатдик. Аммо сафардаги учрашувларда баъзи натижалар биз истаганча кечмади. Маҳаллий стадионда ғалаба қозониш кераклигини ҳам, сафарда эса камида ижобий натижа қайд этиш муҳимлигини яхши биламиз,” — деди у интервьюсида.
Алмоез Али мухлисларга ҳам мурожаат қилиб, жамоанинг кейинги ўйинларда янада кучли ва шай ҳолда ҳаракат қилишини ваъда қилди:
“Биз мухлисларимизни хурсанд қилиш учун бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз. Ўзбекистонга қарши учрашувдан бошлаб, ҳар бир вазифани жиддийлик билан бажарамиз. Бу ўйин биз учун янги босқичга тайёргарликни бошлаш нуқтаси бўлади,” — деб қўшимча қилди таниқли ҳужумчи.
Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичининг 10-туридан ўрин олган Ўзбекистон – Қатар беллашуви 10 июнь куни Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтади.
Ушбу ўйин натижаси Қатар учун муҳим аҳамиятга эга, чунки улар плей-офф босқичига йўл олиш учун курашни давом эттирмоқда. Ўзбекистон терма жамоаси эса жаҳон чемпионати йўлланмасини аллақачон қўлга киритган.
Беллашув мухлислар ва мутахассислар назарини ўзига жалб қилган, чунки ҳар икки жамоа ўйин орқали ўз салоҳиятини яна бир бор намоён этишни мақсад қилмоқда. Қатар жамоаси эса айнан Тошкентдаги ўйиндан кейин кейинги босқичга янги руҳда қадам қўйишга умид қилмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар