date
views 236

Ўзбекистон – Қатар: “Оқ бўрилар” Тошкентда ҳеч қачон ютқазмаган

Ўзбекистон – Қатар: “Оқ бўрилар” Тошкентда ҳеч қачон ютқазмаган
Жаҳон чемпионатига йўлланмани муддатидан олдин қўлга киритган Ўзбекистон миллий терма жамоаси 10 июнь куни саралашнинг сўнгги турида ўз майдонида Қатар терма жамоасини қабул қилади. Беллашув Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида соат 18:45да бошланади.

Мазкур ўйин юртимиз футбол жамоатчилиги эътиборини ўзига тортгани бежиз эмас. Чунки тарихий рақамлар ва ўзаро ўйинлар статистикасига назар ташласак, “Оқ бўрилар” Қатарга қарши Тошкентда фақат ғалаба билан иштирок этиб келган.

Шу кунга қадар Ўзбекистон терма жамоаси пойтахтда Қатарга қарши жами 6 маротаба майдонга тушган ва уларнинг барчасида ғалаба қозонган. Мазкур ўйинлардан 4 таси Жаҳон чемпионати саралаш учрашувлари бўлган бўлса, 1 та баҳс Осиё Кубоги саралаши доирасида, яна бири эса ўртоқлик ўйини сифатида ўтказилган.

Тошкентдаги тарихий тўқнашувлар:
  • 26.08.2001 — Ўзбекистон – Қатар 2:1
  • 15.11.2006 — Ўзбекистон – Қатар 2:0
  • 28.03.2009 — Ўзбекистон – Қатар 4:0
  • 18.06.2013 — Ўзбекистон – Қатар 5:1
  • 28.03.2017 — Ўзбекистон – Қатар 1:0
  • 16.10.2018 — Ўзбекистон – Қатар 2:0

Шу вақтга қадар ўзбекистонлик футболчилар Қатар дарвозасига 16 та гол урган ва жами 2 та гол ўтказиб юборишган. Бундай устунлик мухлисларимизга яна бир бор ишонч бағишлаши аниқ.

Қатар жамоаси учун эса бу ўйин плей-офф босқичига тайёргарлик нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга. Улар бу баҳсда натижадан ташқари ўз тактик ва жисмоний ҳолатини синовдан ўтказиш имкониятига эга бўлишади.

Ўзбекистон терма жамоаси эса ўз майдонидаги юксак статистикани давом эттириш, мухлислар олдида саралаш босқичини ғалаба билан якунлаш ва жаҳон чемпионатига янада юқори руҳ билан тайёргарлик кўришни мақсад қилмоқда.

Футбол мухлислари ва экспертлар ушбу баҳсни нафақат натижа, балки тарихий рақобатнинг янги саҳифаси сифатида ҳам баҳоламоқда. “Оқ бўрилар” бу сафар ҳам анъанани бузмасми — бу саволнинг жавоби 10 июнь куни кечқурун аниқ бўлади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистон – Қатар: “Оқ бўрилар” Тошкентда ҳеч қачон ютқазмаган