
“Тоттенҳэм” клуби Европа лигасидаги муваффақиятга қарамай, бош мураббий Анге Постекоглуни лавозимдан озод этиши клуб ичида жиддий норозиликларга сабаб бўлди. Бу қарор жамоада қатор саволлар ва келажак бўйича шубҳаларни келтириб чиқарди.
“The Telegraph” нашрининг маълумот беришича, жамоа раҳбарияти Европа Лигасидаги зафарли мавсумни етарли деб топмади ва АПЛдаги паст натижаларни баҳона қилиб, австралиялик мутахассис билан ҳамкорликни тугатди. Аммо бу қарорни клуб футболчилари оғир қабул қилмоқда.
Манбага кўра, айрим ўйинчилар нафақат қарорнинг мазмунига, балки унинг амалга оширилиш тарзига ҳам хайрон қолган. Постекоглунинг ишдан олиниши ҳақида футболчилар матбуот орқали билган ва бу ҳолат уларда ғазаб ва ранжиш уйғотган.
Жамоада тарқоқлик бошланмоқда
Айрим етакчи футболчилар, хусусан, асосий таркибдаги юлдузлар бош мураббийга нисбатан ҳурмат ва ишонч билан қарарди. Энди эса улар келажакда “Тоттенҳэм”да қолиш ёки кетиш масаласини жиддий кўриб чиқмоқда.
Маълумотларга қараганда, ёзги трансфер ойнаси очилиши билан бир нечта футболчилар бошқа клублардан таклифлар қабул қилишга тайёр. Улар клубнинг янги мураббийси ким бўлиши, стратегияси қандай йўлга қўйилиши ва мақсадларнинг аниқлигига боғлиқ ҳолда қарор қабул қилишмоқда.
Мураббийнинг услуби клубда янги руҳ яратганди
Постекоглу “Тоттенҳэм”даги қисқа, аммо таъсирли фаолияти давомида жамоанинг ўйин услубини ўзгартирган, юқори темпли ва ҳужумкор футболни йўлга қўйган эди. Унинг қўли остида бир қатор ёш футболчилар фаол равишда ўсди ва клуб Европа Лигасида узоқ танаффусдан сўнг соврин қўлга киритди.
Футбол мухлислари ва экспертлар бу қарорни қарама-қарши фикрлар билан баҳоламоқда: айримлар раҳбариятни АПЛ натижалари учун танқид қилса, бошқалар келажакда клубни янги мураббий билан янада юқори марраларга олиб чиқишга ишонч билдиради.
Бир нарса аниқ: Постекоглунинг истеъфоси “Тоттенҳэм”да янги бўлимни бошлаб берди. Аммо бу бўлимда жамоа тузилиши, етакчилар тақдири ва кейинги мавсум режалари қандай йўлга қўйилиши ҳозирча катта савол остида турибди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар