
Охирги икки йил Аббосбек Файзуллаевнинг футболчилик фаолиятида жиддий бурилиш ва улкан тажрибалар билан тўлди. 21 ёшли иқтидорли ҳужумкор футболчи нафақат янги жамоа, янги муҳит ва янги чемпионатга мослашишга ҳаракат қиляпти, балки бир вақтнинг ўзида миллий ва олимпия терма жамоалардаги масъулиятни ҳам ўз елкасида кўтармоқда.
2023 йилнинг август ойида “Пахтакор”дан Россиянинг машҳур клуби — ЦСКАга ўтган Файзуллаев учун бу босқич мутлақо янги ҳаётнинг бошланиши бўлди. Легионер сифатида биринчи марта хорижда тўп суришни бошлаган Аббос, ёш бўлишига қарамай, ўзини Премьер-лига майдонларида тезда намоён эта бошлади.
Дебют мавсум — синов ва ютуқлар уйғунлиги
Унинг дебют мавсуми муваффақиятларга бой бўлди. ЦСКА сафида барча мусобақаларда 39та учрашувда қатнашди, 3та гол ва 8та голли пас ижро этди. Ушбу натижалар билан жамоа Россия чемпионатида бронза медалини қўлга киритди, шунингдек, мамлакат кубогини ютиб олди. Бу кўрсаткичлар ёш футболчи учун катта тажриба ва ўз устида ишлаш учун кучли асос бўлиб хизмат қилади.
Файзуллаевнинг терма жамоадаги иштироки ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. У ёшлар ва олимпия терма жамоалари сафидаги тўп суришлари орқали ўзини халқаро миқёсда кўрсатди. Ҳусусан, Осиё кубогидаги ёрқин иштирок ва Олимпия ўйинларига йўлланма олишдаги ҳиссаси ўзининг даражасини яққол кўрсатди. Миллий терма жамоамизнинг ЖЧ-2026 саралаш босқичидаги муваффақиятларида ҳам Аббоснинг заҳматини алоҳида таъкидлаш лозим.
ЦСКАдаги пасайиш ва унинг сабаблари
Шу билан бирга, жорий мавсумда ЦСКАда унга нисбатан фойдаланилаётган тактик ёндашув туфайли Аббоснинг ўйинида маълум даражада пасайиш кузатилди. Сербиялик янги бош мураббий жамоанинг умумий услубини ўзгартирди, натижада Файзуллаевга ажратилган рол ҳам янгича кўриниш олди.
ЦСКАнинг собиқ футболчиси Валерий Масалитиннинг таъкидлашича, Аббос илгари чап қанотда эркин ҳаракат қилган, ҳужумда тўлиқ ижодий эркинликка эга бўлган футболчи сифатида ўзини эркин ҳис қиларди. Аммо янги схемага кўра, у майдон марказига кўчирилди ва ундан мунтазам прессинг, қайтиб ҳимояга ёрдам бериш талаб қилинмоқда. Бу эса Файзуллаевнинг тана тузилиши ва жисмоний имкониятларига тўлиқ мос келмайди.
Масалитин шундай дейди:
“Файзуллаев жуда иштиёқманд, курашувчан футболчи. У ҳар доим ҳаракатда ва ўзини майдонда топа олади. Ундан қутулиш ёки ижарага бериш ҳақида гап кетиши мутлақо нотўғри. Аксинча, Аббосни йўқотмаслик керак. У ҳали кўп нарсани кўрсата олади,” — дейди мутахассис.
Файзуллаев учун тўғри позиция — тўлиқ эркинлик
Аббоснинг ижодкорлик қобилияти, тезлиги ва тўп билан ҳаракат қилиш маҳорати унинг асосий устунликларидир. Унга майдонда эркин ҳаракат қилиш имконияти берилса, рақиб ҳимояларига жиддий муаммо туғдириши шубҳасиз. Унинг тажрибаси ва жиддий ўйинларга кўникмаси ЦСКА учун ҳам, Ўзбекистон терма жамоаси учун ҳам бебаҳо аҳамиятга эга.
Хулоса қилиб айтганда, Аббосбек Файзуллаев ҳозирги ҳолатда ҳам фойда келтира оладиган футболчи. Уни нотўғри позиция ёки схемада “йўқолиб қолди” деб баҳолаш — шошма-шошарлик бўлади. ЦСКА учун ҳам, ўзбек футболи учун ҳам у катта салоҳиятга эга муҳим фигура саналади.
Унинг келажаги ҳали олдинда. Айнан шундай синовлар орқали футболчи чиниқади, тажриба тўплайди ва энг юқори босқичларга чиқиш учун мустаҳкам асос ҳосил қилади.
Аббоснинг йўли — энди бошланмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар