date

“Манчестер Сити”да янги юлдуз: Аит-Нури 2030 йилгача шартнома тузди

“Манчестер Сити”да янги юлдуз: Аит-Нури 2030 йилгача шартнома тузди
"Манчестер Сити" таркиби янада кучайди – жамоа француз марокашлик ҳимоячи Раян Аит-Нурини ўз сафига қўшиб олди. Клуб расман футболчи билан 2030 йил ёзигача мўлжалланган узоқ муддатли шартнома имзоланганини эълон қилди.

АПЛнинг “Вулверхэмптон” клубидан келиб қўшилган 24 ёшли футболчи учун “шаҳарликлар” 40 миллион евро тўлашди. Бу келишув ёзги трансфер бозорининг катта сармояларидан бири сифатида қайд этилди.

Аит-Нури Премьер-Лигада таниқли ва тажрибали футболчи сифатида ном қозонган. У 2020/21 мавсумдан бери “Вулвз” сафида ҳаракат қилган ва шу давр мобайнида АПЛда 135 та учрашувда иштирок этган. Ҳимоячи сифатида нафақат ишончли ўйини, балки ҳужумдаги фаоллиги билан ҳам танилган — у шу пайтгача жами 11 та голли узатмани амалга оширган. Охирги мавсумда эса 7 та ассист қайд этгани унинг ўйини барқарор ривожланаётганидан далолат беради.

Раян Аит-Нури ўзини чап қанот ҳимоячиси сифатида намоён қилган бўлса-да, зарурат туғилганда ярим ҳимояда ҳам самарали ҳаракат қила олади. Унинг техник жиҳатдан етуклиги, тўп билан ишлашдаги маданияти ва позициявий ҳаракатлари “Манчестер Сити” мураббийи Пеп Гвардиола учун қимматли жиҳатлардан ҳисобланади.

Мутахассислар фикрича, Аит-Нурининг “Сити” сафига келиши жамоанинг чуқур таркибини янада бойитади ва айниқса, муҳим ўйинларда захира ва асосий таркибдаги рақобатни кучайтиради.

Шу тариқа “Манчестер Сити” жамоаси ёш ва истиқболли футболчи орқали келгуси мавсумларга кучли асос яратмоқда. Клуб расмий сайтида таъкидланишича, Аит-Нури тез кунларда жамоа билан бирга машғулотларга қўшилади ва янги мавсумда ўз ўрнини мустаҳкамлаш учун курашни бошлайди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Манчестер Сити”да янги юлдуз: Аит-Нури 2030 йилгача шартнома тузди