date
views 75

Абдуқодир ва Ўзбекистон ЖЧда – “Сити” мухлислари олқиш йўллашмоқда!

Абдуқодир ва Ўзбекистон ЖЧда – “Сити” мухлислари олқиш йўллашмоқда!
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг тарихда илк бор футбол бўйича Жаҳон чемпионатига йўл олгани нафақат мамлакат ичида, балки халқаро майдонда ҳам кенг шов-шувларга сабаб бўлмоқда. Айниқса, миллий жамоамиз сардори, "Манчестер Сити" клубининг ёрқин вакилларидан бири ҳисобланган Абдуқодир Ҳусановга бўлган эътибор дунё бўйича сезиларли даражада ортиб бормоқда.

Ўзбекистоннинг энг машҳур футболчиси ҳисобланган Абдуқодир Ҳусанов вакиллик қилаётган "Манчестер Сити" клуби ҳам бу тарихий воқеага бефарқ қолмади. Англиялик гранд клуб ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари орқали Абдуқодирнинг суратини жойлаб, терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатига чиққани билан муборакбод этди. "Абдуқодир Ҳусанов ва Ўзбекистон терма жамоасини жаҳон чемпионатига илк бор чиққани билан табриклаймиз!" деб ёзилган ушбу пост қисқа вақт ичида кўплаб мухлислар диққатини ўзига жалб қилди.

Айниқса, "шаҳарликлар"нинг бутун дунё бўйлаб тарқалган мухлислари Абдуқодир ҳақида кўплаб ижобий фикрларни қолдиришмоқда. Мухлислар ўз постларида Ҳусановнинг клубда кўпроқ имконият олиши лозимлигини ва бош мураббий Пеп Гвардиоланинг ёш ҳимоячига ишонч билдириши кераклигини айтишмоқда.

Хусусан, "Football Frenzy" номли мухлис:
"Табриклаймиз! Ушбу натижадан "Манчестер Сити" ҳам фахрланиши лозим. Ҳусанов қайтиши билан Гвардиола уни яна захирада қолдирмаса бўлгани", – деб ёзган бўлса, бошқа бир мухлис Maliçk Jñr: "Абдуқодирга имконият беринг. У ҳозирги айрим ўйинчиларга нисбатан кўпроқ майдонда бўлишга муносиб!" деб қўллаб-қувватлаган.

Мисрлик мухлис Mahmoud Ahmed эса, "Ҳусановнинг мухлислари Мисрда ҳам жуда кўп!" дея ҳаяжон билан ёзган. "Peace Agb" никли мухлис эса: "Келгуси мавсумда Абдуқодирнинг майдонда кўпроқ ўйинлар ўтказишига ишонамиз!" дея умид билдирди.

Айрим мухлислар эса клуб мураббийи Пеп Гвардиолага мурожаат қилиб, Абдуқодирга майдонда ўзини кўрсатиш имкониятини берилишини илтимос қилмоқда. Jumladan, Basit Abraham: "Пеп, бизни Абдуқодирнинг ўйинидан баҳраманд бўлиш имкониятидан маҳрум қилма!" деб ёзиб қолдирган.

Абдуқодир Ҳусановнинг ўз "Манчестер Сити" сафидаги позицияси тобора мустаҳкамланиб бормоқда. 21 ёшли ёш футболчимиз 2024 йилнинг 20 январидан буён манчестерликлар шарафини ҳимоя қилмоқда ва клуб билан шартномаси 2029 йил ёзигача мўлжалланган. Ўтган мавсумда у Англия Премьер-лигаси, мамлакат кубоги ва Чемпионлар Лигасида жами 9 ўйинда майдонга тушиб, ҳатто бир голга ҳам муаллифлик қилди.

Бундан ташқари, Ҳусанов 2023 йил ёзидан буён Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ажралмас аъзосидир ва шу вақтга қадар 21 та халқаро ўйинда мамлакат шарафини ҳимоя қилган. Халқаро экспертлар унинг трансфер қийматини ҳозирда 35 миллион еврога баҳолашмоқда. Шу тариқа, Абдуқодир Ҳусанов Марказий Осиёнинг энг қиммат футболчиси сифатида эътироф этилмоқда.

Бу каби ютуқлар ва халқаро эътирофлар Абдуқодирнинг келажаги янада порлоқ бўлишига ишора қилмоқда. Ўзбекистон футболининг янги юлдузи сифатида бутун дунё диққатини ўзига қаратган Ҳусанов, яқин келажакда "Манчестер Сити"да янада муҳим ўрин эгаллашига умид қилинмоқда. Унинг мухлислари эса сабрсизлик билан унинг майдонда кўпроқ ўйнашини ва янги муваффақиятларга эришишини кутмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Абдуқодир ва Ўзбекистон ЖЧда – “Сити” мухлислари олқиш йўллашмоқда!