
Европа трансфер бозорининг энг қизғин воқеаларидан бири амалга ошди — “Лион”нинг ёш истеъдоди Райан Шерки расман “Манчестер Сити” сафида. 21 ёшли франциялик ярим ҳимоячи учун англияликлар 36,5 миллион евро ва қўшимча 6 миллион евро бонус тўлашди. Бу битим нафақат мухлислар, балки футбол экспертлари орасида ҳам катта қизиқиш уйғотди.
Шерки янги жамоасига келиб қўшилганидан сўнг клуб расмий сайтига самимий интервью берди. “Мен учун бугунги кун фаолиятимдаги энг муҳим босқичлардан бири. “Манчестер Сити” — Европадаги энг йирик ва нуфузли жамоалардан бири. Уларнинг замонавий ва динамик ўйин услуби мен учун ўзига хос илҳом манбаи. Бу жамоада ўйнаш имкониятига эга бўлишни узоқ кутган эдим,” — деди талантли футболчи.
Шерки бу қарорини шахсий танлов сифатида баҳолади ва ўз фаолиятида янги босқични бошлаётганидан мамнун эканини таъкидлади: “Ишонаманки, айнан “Сити” сафида янги юксакликларни забт этиш мен учун энг тўғри йўл. Бу клуб менга ўз салоҳиятимни тўлиқ намойиш этиш, катта ўйинларда иштирок этиш ва янги тажриба орттириш имконини беради.”
Айниқса, ёш юлдуз бош мураббий Пеп Гвардиола ҳақида ҳам эътирофлар билан тўлиб-тошди: “Пеп — бугунги кунда нафақат Европада, балки бутун дунёдаги энг яхши мураббийлардан бири, балки у футбол тарихида ҳам ўчмас из қолдирган шахс. Унинг қўл остида ўйнаш — мен учун орзу эди ва энди бу орзу амалга ошди!”
Янги мавсумдан бошлаб Райан Шерки “Сити” либосида майдонга тушиб, ўзининг техник маҳорат ва илҳомга тўла ўйини билан инглиз жамоаси мухлисларини хурсанд этишга ҳаракат қилади. Франция терма жамоасининг ёш иқтидорли аъзоси сифатида Шеркининг Англия чемпионатида қандай намоён бўлиши футбол оламида катта қизиқиш уйғотмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг