date
views 554

Трент: “Ливерпулда ўсдим, энди энг улуғ клубдаман”

Трент: “Ливерпулда ўсдим, энди энг улуғ клубдаман”
"Реал Мадрид"нинг янги футболчиси Трент Александер-Арнольд тақдимот маросими чоғида самимий сўзлари билан футбол мухлисларини илҳомлантирди. Англиялик ҳимоячи ўзининг футболчи сифатида шаклланган ва дунёга танилган клуби — “Ливерпул”га бўлган миннатдорлигини алоҳида таъкидлади.

— Мен бир умр “Ливерпул”дан миннатдорман. У жамоада 20 йил фаолият олиб бордим. Бу менинг футболдаги биринчи мактабим, биринчи муҳаббатим, — деди Трент тақдимот чоғида. — Ҳар бир дақиқадан завқ олдим, ҳар бир ўйин менга куч, тажриба ва мотивация бахш этди. Лекин ҳаётда баъзан янги қадам ташлаш зарур бўлади. Мен олдинга қарашга қарор қилдим ва энди Испаниянинг энг кучли жамоаси — “Реал Мадрид” сафида юрагим билан тўп сурмоқчиман.

Таниқли ҳимоячи ўтган мавсум Англия Премьер-лигасида “Ливерпул” таркибида 33 бор майдонга тушди, 3 та гол урди ва 7 та голли узатма йўллади. Бу натижалар унинг юқори савиядаги ҳимоячи бўлишидан ташқари, ҳужумда ҳам фаол иштирок этишини кўрсатади.

Шунингдек, Арнольд икки йирик жамоа – “Ливерпул” ва “Реал Мадрид” каби клубларда тўп суришни "катта шараф" деб таърифлади.

— Менга Англиянинг энг катта клубида ўйнаш насиб этди, энди эса Испаниянинг энг буюк жамоаси шарафини ҳимоя қиламан. Бундай имконият ҳар кимга ҳам берилавермайди. Мен эса буни қадрлайман ва ҳар куни тўлиқ иштиёқ билан меҳнат қиламан, — дея қўшимча қилди Трент.

Таъкидлаш жоиз, Трентнинг “Реал” сафидаги фаолиятини миллионлаб футбол ишқибозлари катта қизиқиш билан кузатмоқда. Энди у ўзининг янги саҳифасини "Сантьяго Бернабеу"да очмоқда. “Ливерпул”даги ёрқин хотиралар эса унинг юрагида абадий сақланиб қолади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Трент: “Ливерпулда ўсдим, энди энг улуғ клубдаман”