
Сўнгги йилларда ўзбек футболининг тўлқинлантирувчи ва эътибор марказидаги номларидан бири — Аббосбек Файзуллаев. Унинг ЦСКА клубига ўтиши, Россиядаги порлоқ фаолияти ва трансфер баҳосининг кескин ўсиши нафақат маҳаллий, балки халқаро спорт жамоатчилигида ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Аббосбекнинг услуби — майдондаги ҳаракатчанлик, кучли дриблинг, интеллектуал ўйин ва универсаллик билан алоҳида ажралиб туради. Унинг ёши 21 бўлишига қарамай, у катта ёшдаги тажрибали футболчиларга хос етуклик билан ўйин намойиш қилмоқда.
Файзуллаевнинг ЦСКАга ўтишидаги қизиқ жиҳат шундаки, бош мураббий Федотов бошчилигидаги мураббийлар штаби аввалбошдан у ҳақида ишонч билан фикр билдирмаган. Бу ҳақда ProSports Management раҳбари Герман Ткаченко очиқ айтди:
“ЦСКА раҳбарияти уни олишни хоҳлади, мураббийлар шубҳа қилган. Лекин бу ҳар бир катта клубда учрайдиган ҳолат. Аббос эса ўз ўйини ва меҳнати билан ҳамма шубҳаларни йўққа чиқарди”.
2023 йилнинг августида “Пахтакор”дан Москва клубига кўчган 19 ёшли футболчига аввал бошда эҳтиёткорона қаралган бўлса-да, у қисқа вақт ичида ЦСКАнинг асосий фигурасига айланди. Жамоанинг барча ҳужумлари айнан Файзуллаев орқали ташкил этиладиган бўлди. У Россия Премьер-лигасининг дебют мавсумидаёқ асосий кашфиётлардан бири сифатида тилга олинди.
“Пахтакор” футбол мактаби тарбияланувчиси бўлган Аббосбек учун бу муваффақиятлар кутилмаган эмас. У ҳамиша майдондаги интилиш ва барқарор ривожланиш билан ажралиб келган. ЦСКА устига 500 минг евро тўлаган бу трансфер ҳозирда ўзини тўлиқ оқлади. Айни вақтда Transfermarkt портали футболчини 8 миллион еврога баҳоламоқда.
Бу кўрсаткич Марказий Осиёдаги футболчилар орасида иккинчи юқори баҳо ҳисобланади. Рўйхатда фақатгина “Манчестер Сити” ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов (35 млн евро) олдинда турибди.
Шубҳалар остида келган Аббосбек Файзуллаев ўз меҳнати, меҳри ва муҳими, майдондаги натижалари билан барча танқидларга жавоб берди. У энди нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақамизнинг футбол юзидан бирига айланмоқда. Европадаги келажак трансфери ҳам, эҳтимол, узоқ эмас. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар