
15 июн куни АҚШда Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати тантанали тарзда бошланади. Мусобақанинг очилиш учрашувида эса футбол жамоатчилигининг эътибори нафақат юлдузли футболчиларга, балки ўйинга бошчилик қиладиган ҳакамга ҳам қаратилади.
Ташкилотчиларнинг расмий эълонига кўра, «Интер Маями» (АҚШ) ва «Ал-Аҳли» (Миср) клублари ўртасидаги илк баҳсни Эронлик, аммо ҳозирда Австралия фуқароси ҳисобланган тажрибали ҳакам Алириза Фағоний бошқариб боради.
Жаҳон саҳнасидаги танилган арбоб
Фағоний Осиё қитъасининг энг малакали ва ишончли ҳакамларидан бири саналади. У ўз фаолияти давомида бир қатор юқори даражадаги халқаро мусобақаларда иштирок этган. Жумладан, икки марта Жаҳон чемпионати, Олимпиада ўйинлари, Осиё кубоги, ҳамда ФИФА расмий турнирларида ўйинларга ҳакамлик қилган.
Унинг бу галги тайинланиши, шубҳасиз, ФИФА томонидан унга бўлган юқори ишончдан дарак беради. Айниқса, очилиш ўйини сифатида танланган баҳсда бош ҳакам бўлиш — бу катта масъулият ва эътиборни талаб қилувчи вазифадир.
Ўзбекистонлик ҳакамлар ҳам мундиалда
Қувонарлиси, Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон футбол ҳакамчилиги мактаби ҳам ўз вакилларини тақдим этмоқда. ФИФА рўйхатига кўра, юртимиздан Илгиз Танташев, Андрей Тсапенко ва Тимур Гайнуллинлар мазкур нуфузли турнирда хизмат олиб боришади.
Бу эса, мамлакатимиз футбол ҳакамчилиги жаҳон миқёсидаги мусобақаларда ҳам муносиб ўрин эгаллаётганини кўрсатади.
Ўйин олдидан қизиқиш юқори
Лионел Месси бошчилигидаги «Интер Маями» ва Мисрнинг энг машҳур жамоаларидан бири «Ал-Аҳли» ўртасидаги баҳс очилиш ўйини бўлиши билан бирга, мусобақанинг илк муҳим воқеаларидан бири сифатида футбол мухлисларини ҳаяжонга солмоқда. Айниқса, бундай баҳсда тажрибали ва бетараф ҳакам иштирок этиши — адолатли футбол кафолатидир.
Шундай қилиб, жаҳон футболининг навбатдаги йирик саҳнасида ҳам Осиё ва Марказий Осиё вакиллари фаол иштирок этаётганидан фахрлансак арзийди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг