
Жаҳон футболидаги тантаналар Шимолий Америкадаги мундиалга тайёргарлик билан давом этаётган бир пайтда, ўзбек футболида ҳам жиддий силкинишлар кузатилмоқда. ФИФА кунлари муносабати билан юртимизда Суперлига баҳсларига қисқа танаффус берилди. Аммо айнан шу танаффус давомида “Бунёдкор” клубида кутилмаган ўзгаришлар юз бера бошлади.
Клубдаги илк муҳим янгилик сифатида спорт директори Ислом Иномовнинг истеъфоси қайд этилди. Мазкур қарор ички муҳокамалардан сўнг қабул қилингани айтилмоқда. Шу билан бирга, жамоанинг бош мураббийи Илёс Зейтуллаевга ҳам яқин орада хайрлашиш эшиклари кўрсатилиши эҳтимолдан холи эмас.
Ишончли манбаларга кўра, агар “Бунёдкор” навбатдаги турдаги “Пахтакор”га қарши ўйинда мағлуб бўлса, Зейтуллаев билан расман хайрлашилади. Бу ўйин жамоа мураббийлари учун синов майдонига айланиши мумкин.
Бошқарув даражасидаги бу ўзгаришлар билан бирга, янги номзодлар ҳам муҳокама қилинмоқда. Хусусан, клуб бош директори лавозимига академияда фаолият юритиб келаётган ва бир пайтлар “Металлург” клубида узоқ йиллар ишлаган Шавкат Саидов кўзланмоқда. Спорт директори сифатида эса Роман Черниковнинг тайинланиши кутилмоқда. Жамоа бош мураббийи ким бўлиши ҳозирча сир сақланмоқда, аммо бу лавозим учун бир неча номзодлар муҳокама қилинмоқда.
Эътиборлиси, Иномов ва Зейтуллаев тандемининг ўтган йилги фаолияти жуда юқори баҳоланган эди. “Бунёдкор” оғир ҳолатда қолганига қарамай, Суперлигада ўз ўрнини сақлаб қолишга муваффақ бўлган. Шунингдек, жамоанинг кўрсатаётган ўйин услуби футбол ишқибозлари ва мутахассислар томонидан ижобий баҳоланганди.
Жорий мавсумда ҳам “Бунёдкор” етарлича рақобатбардош ўйинлар намойиш этмоқда. Жамоа мамлакатимизнинг етакчи клублари — “Насаф”, “Нефтчи” ва ОКМКга қарши баҳсларда очко қўлга киритишга эришган. Шунингдек, ёш футболчиларга имконият бериш, тактик ечимлардаги ўзгаришлар ва жамоавий уйғунлик жиҳатдан олға қадамлар сезилмоқда.
Шу боис, мураббийлар корпусига нисбатан бундай кескин қарорлар айрим мухлислар ва таҳлилчиларда турли фикрларни келтириб чиқармоқда. Кўпчилик клуб раҳбарияти аввалги тажрибалардан етарлича сабоқ чиқармаётганини таъкидламоқда.
Ҳар ҳолда, “Пахтакор”га қарши бугунги учрашув нафақат очко учун кураш, балки “Бунёдкор” мураббийлар штаби тақдири учун ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар