date
views 1 021

Файзуллаев: Скаутлар бошқа ҳимоячини кўргани келиб, Ҳусановни олиб кетишди

Файзуллаев: Скаутлар бошқа ҳимоячини кўргани келиб, Ҳусановни олиб кетишди
Ўзбек футболида бир қатор муҳим трансферлар амалга ошган бўлса-да, Абдуқодир Ҳусановнинг “Ланс”дан тўғридан-тўғри “Манчестер Сити” каби жаҳон грандларидан бирига кўчиб ўтиши ҳақли равишда тарихий воқеа сифатида баҳоланмоқда. Бу трансфер нафақат Ўзбекистон, балки Франциянинг “Ланс” клуби учун ҳам энг йирик молиявий келишув сифатида қайд этилди — англияликлар ёш ҳимоячи учун 40 миллион евро тўлади.

Бундай улкан қадамга эришиш учун Абдуқодир катта меҳнат ва сабр билан йўл босиб ўтди. Унинг жаҳон футболидаги синовли йўли “Бунёдкор” академиясидан бошланган бўлиб, кейин Беларуснинг “Энергетик-БГУ” клубида профессионал фаолиятига киришди. Кейин эса Франциянинг Лига 1 жамоаси “Ланс” уни 100 минг еврога ўз сафига қўшиб олди. Кўп ўтмай, Ҳусанов ўзини Европа саҳнасида кўрсата олди.

Унинг иқтидори халқаро скаутлар эътиборидан четда қолмади. Ҳусановнинг яқин дўсти, ҳозирда Россияда таниқли футболчига айланган Аббосбек Файзуллаевнинг “Nobel” YouTube-каналидаги интервьюсидаги гаплар ҳам буни тасдиқлайди. Унга кўра, U-20 жаҳон чемпионатида Аргентинага қарши учрашув пайтида скаутлар бошқа футболчини кузатган бўлса-да, айнан Ҳусановнинг ўйини уларни ҳайратга солган. Шу тариқа, Абдуқодирнинг Европадаги карьерасига йўл очилган.

Ҳозирда Аббосбек Файзуллаевнинг ўзи ҳам Европага интилаётган иқтидор эгаси. 2023 йилда “Пахтакор”дан ЦСКА (Москва) жамоасига ўтган футболчи Россия Премьер-лигасидаги дебют мавсумини жуда юқори даражада ўтказди. Унинг фаолияти Россия кубоги ва чемпионатдаги бронза медаллари билан тақдирланди.

Европа грандлари эса Файзуллаевни диққат билан кузатишда давом этмоқда. “Бавария”, “Монако”, “Женоа”, “Парма” ва “Реал Сосьедад” каби клублардан қизиқиш бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган. Аммо Аббоснинг ўзи ҳозирча бутун диққатини ЦСКАдаги фаолиятига қаратган ва асосий мақсади Европанинг элит клубларида ўйнаш эканини яширмаяпти.

Абдуқодир Ҳусанов ва Аббосбек Файзуллаев — бугунги кунда ўзбек футболининг фахри, келажакда эса дунё футболидаги юлдузлар қаторига қўшилиши мумкин бўлган истеъдодлар. Улар орқали Ўзбекистон футболи халқаро саҳнада янада кўпроқ эътироф ва эътирофга эга бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Файзуллаев: Скаутлар бошқа ҳимоячини кўргани келиб, Ҳусановни олиб кетишди