
Ўзбекистон футболининг энг ёрқин юлдузларидан бири Элдор Шомуродов учун фаолиятида янги саҳифа очилиши мумкин. Франциянинг машҳур спорт нашри L’Equipe хабарига кўра, ҳужумчи номи ошкор этилмаган Америка МЛС (Major League Soccer) клубидан расмий таклиф олган ва ҳозирда ушбу таклиф атрофида музокаралар олиб борилмоқда.
Маълумотларга кўра, Римнинг “Рома” клуби ҳам Элдорнинг кетишига қарши эмас ва трансфер бўйича очиқ музокараларга тайёр. Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродовнинг Италия клуби билан амалдаги шартномаси 2026 йилнинг ёзига қадар амал қилади, аммо клуб ҳужумчи учун янги саҳифа очилишига қарши эмас.
Ўтган мавсумда Элдор А Серияда 27 та учрашувда майдонга тушди ва ўз ҳисобига 4 та гол, 4 та голли узатма ёзиб қўйди. Италия чемпионатидаги доимий рақобат ва юқори босим шароитида ўйнаган ўзбекистонлик тўпурар янги муҳит ва имкониятлар изламоқда.
Американинг МЛС чемпионати эса сўнгги йилларда жаҳон футболи юлдузлари учун катта имкониятлар майдонига айланган. Кўплаб машҳур футболчилар Европадан Америкага йўл олиб, ўзларини янги муҳитда синаб кўрмоқда. Элдор учун ҳам бу қадам нафақат янги тажриба, балки янги мақсадлар, мухлислар ва янги ўйин услуби билан танишиш имкониятини яратади.
Шомуродовнинг янги чемпионатга йўл олиши нафақат унинг шахсий фаолияти, балки ўзбек футболи учун ҳам катта қадам бўлади. Америкадаги янги синовлар, янги рақиблар ва янги талаблар унинг салоҳиятини янада очиб беради, янги спорт карьерасига кучли туртки бўлади.
Элдор Шомуродов қайси МЛС клубига йўл олишини яқин кунларда билиб оламиз. Ҳозирча футболчининг вакиллари ҳам, клуб ҳам расмий изоҳ беришга шошилмаяпти. Бир нарса аниқ — ўзбек мухлислари Элдорнинг Америкадаги янги қадамларини катта қизиқиш ва ишонч билан кузатади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар