date
views 306

"Нефтчи" ғалабани қўлдан бой берди: Левченко жамоанинг асосий муаммосини айтди

"Нефтчи" ғалабани қўлдан бой берди: Левченко жамоанинг асосий муаммосини айтди
Суперлиганинг 12-туридан ўрин олган "Сурхон" — "Нефтчи" (0:0) учрашувидан сўнг фарғоналиклар устози Виталий Левченко матбуот анжуманида жамоаси ўйинига баҳо берди.

— Бундай ўйинларда ғалаба қозониш учун, аввало, гол уриш керак. Биринчи бўлимда икки марта аниқ имконият яратдик. Агар шу вазиятлардан фойдаланганимизда, натижа бутунлай бошқача бўларди. Йигитлар ҳаракатидан норозилик йўқ, барчаси ҳаракат қилди. Аммо футболда фақат иштиёқ етарли эмас, маҳорат ҳам керак. Таблода қайд этилган ҳисоб барчасини айтмоқда, — деди мураббий.

Мухлислар эътирозлари ва ҳужум чизиғи танлови

Матбуот анжумани давомида Левченкодан учрашув якунланганидан сўнг мухлислар томонидан билдирилган норозилик ҳақида ҳам сўралди:

— Тўғриси, вазиятнинг ўзига гувоҳ бўлмадим. Аммо буни албатта кўриб чиқамиз. Агар мухлисларда қандайдир норозилик бўлган бўлса, улар билан мулоқот қиламиз. Жамоа ғалаба учун майдонга тушганди, аммо гол урилмади — мухлисни тушуниш мумкин.

Марушич ёки Табатадзе? Ҳужумда ким самарали бўлди?

— Сиз нега Марушични тўлиқ ҳужумчи деб ҳисобламайсиз? У ҳам марказий ҳужумчи сифатида ҳаракат қилди. Албатта, Табатадзе ўйин охирида майдонга тушиб, жисмоний устунлик ҳисобига яхшироқ кўриниш берган бўлиши мумкин. Ҳимоячилар эса икки тайм давомида чарчаганди. Аммо факт шуки, ҳеч қайси ҳужумчимиз гол ура олмади. Бу энг катта муаммодир.

Беғамов нега кетди?

— Шаҳбоз Беғамов масаласи раҳбарият қароридир. Бу борада мен ҳеч нарса деёлмайман, — деди мураббий қисқа қилиб.

Фарғоналиклар мавсумни яхши бошлаган бўлса-да, кейинги турларда муваффақиятсизликлар кўпаймоқда. Мураббий фикрича, жамоа яхши ҳаракат қилмоқда, лекин натижа учун маҳорат ва салоҳият етишмаяпти. Келаси турларда бу ҳолат ўзгариши керак, акс ҳолда "Нефтчи" юқори поғоналар учун курашдан ортда қолиши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Нефтчи" ғалабани қўлдан бой берди: Левченко жамоанинг асосий муаммосини айтди