date
views 1 241

Аббосбек Файзуллаевга Англияда қизиқиш кучайди: у "Вулверхэмптон" рўйхатида

Аббосбек Файзуллаевга Англияда қизиқиш кучайди: у "Вулверхэмптон" рўйхатида
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2026 йилги Жаҳон чемпионатига йўлланма олгани ва легионерларимизнинг Европадаги муваффақиятли фаолияти ўзбек футболчиларига бўлган қизиқишни анча оширди. Италиядаги Элдор Шомуродов, Франция ва Англияда порлаётган Абдуқодир Ҳусанов фонида энди кўзлар Аббосбек Файзуллаев томон қаратила бошлади.

21 ёшли ҳужумкор ярим ҳимоячи аллақачон Осиёнинг энг ёш иқтидорларидан бири сифатида тан олинган. Россиянинг ЦСКА клубидаги муваффақиятли ўйинлари, терма жамоа сафида кўрсатаётган таъсирли ҳаракатлари туфайли Европа клублари уни диққат марказига олмоқда. 2023 йилнинг ёзида “Пахтакор”дан ЦСКАга кўчиб ўтган Файзуллаев Россия Премьер-лигасининг дебют мавсумидаёқ жамоаси билан бронза медали ва мамлакат кубогини қўлга киритди. Ушбу мавсумда Аббос 39 ўйинда 3 та гол ва 8 та ассист билан иштирок этди.

Энди эса унинг номини Англия Премьер-лигасининг нуфузли клуби “Вулверхэмптон” трансфер рўйхатида кўришимиз мумкин. Интернет ва ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотларга қараганда, жамоа бош мураббийи Витор Перейра томонидан тузилган ва ўз қўли билан ёзилган асосий трансфер рўйхатида Аббосбекнинг исми ҳам мавжуд.

Бу рўйхатдаги биринчи ном “Хетафе” клуби сафидаги нигериялик Кристантус Уче бўлса, Аббос Файзуллаев иккинчи ўринда турибди. Бу эса унинг нафақат эҳтимолий трансфер сифатида, балки жиддий номзод сифатида кўрилаётганини англатади. Журналист Яҳёхўжа Улуғхўжаев ўз фикрида бу хабарда мантиқий асос борлигини таъкидлаб, Аббоснинг ЦСКА билан битими тугаш арафасида эканига эътибор қаратди.

– У ЦСКА билан шартномани янгиламади. Шу сабаб у жорий трансфер ойида Европа йўлига отланиши мумкин. Бунда “Вулверхэмптон”нинг қизиқиши мантиқан ўринли. Файзуллаев потенциали бор футболчи ва у ўсишда давом этмоқда, – дейди Улуғхўжаев.

Аббоснинг ўзи эса бу каби гапларга тўғри ёндашади. Унинг фикрича, ҳар қандай футболчининг орзуси Европанинг таниқли клубларида тўп суришдир.

– Айни пайтда ЦСКА футболчисиман ва клуб билан шартномам бор. Аммо мақсадим аниқ – Европада, топ-клубларда ўйнаш. Худо насиб қилса, бу орзу рўёбга чиқади, – деган эди Файзуллаев яқиндаги интервьюларидан бирида.

Шу билан бирга, у терма жамоа сафида ҳам ўз салоҳиятини яққол намоён этмоқда. Ҳозиргача Аббосбек Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 27 марта майдонга тушиб, 8 та гол урган. У жаҳон чемпионати саралаш босқичида ҳам муҳим голлари билан ёрқин ажралиб турди.

Хулоса ўрнида: Аббосбек Файзуллаевнинг Англия Премьер-лигаси йўли – бу нафақат футболчи учун янги босқич, балки ўзбек футболининг халқаро миқёсдаги нуфузига ҳам хизмат қиладиган муҳим трансфер бўлиши мумкин. “Вулверхэмптон” сингари клубдаги имконият унга фақат ўсиш ва янги имконият эшикларини очиши турган гап. Келажакда уни топ-5 чемпионатларда кўриш – энди орзу эмас, балки реал эҳтимол.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Аббосбек Файзуллаевга Англияда қизиқиш кучайди: у "Вулверхэмптон" рўйхатида