
Фарғонанинг шарафли ва тарихий жамоаси – “Нефтчи” клуби ёзги трансфер ойнасида мухлисларини янги трансферлар билан хурсанд этишга тайёрланмоқда. Манбаларга кўра, жамоа икки тажрибали ва юқори даражали футболчини таркибига қўшиб олишга жиддий бел боғлаган.
Маълумотга кўра, “Нефтчи” жорий пайтда Россия Премьер-лигасида тўп сураётган ҳимоячи Рустамжон Ашурматов ва Туркия Суперлигасида фаолият олиб бораётган қанот яримҳимоячиси Азизбек Турғунбоев билан музокара олиб бормоқда. Ушбу футболчилар миллий терма жамоамизнинг ҳам асосий аъзолари ҳисобланади.
Маълумки, Рустамжон Ашурматов жорий йилнинг қишки трансфер ойнасида ҳам “Нефтчи” сафига қўшилиши мумкин эди. Бироқ ўша пайтда унинг жорий клуби – Қозоннинг “Рубин” жамоаси сўнгги дақиқаларда уни жамоада сақлаб қолишга қарор қилганди. Бу сафар эса барча имкониятлар фаоллаштирилиб, футболчининг Фарғонага қайтиши эҳтимоли юқори баҳоланмоқда.
Шу билан бирга, Азизбек Турғунбоев ҳам “Нефтчи”нинг диққат марказида. Турғунбоев Туркиянинг “Сивасспор” клуби билан 2022 йилдан бери тўп суриб келаётган бўлиб, ундаги шартнома 30 июнь куни расман якунланади. Transfermarkt порталидаги маълумотга кўра, у эркин агент сифатида бозорда бўлади ва ушбу вазиятдан “Нефтчи” фойдаланиб қолишни истамоқда.
Фарғона клубининг бош мураббийи ва раҳбарияти таркибни янада кучайтириш мақсадида миллий терма жамоа ўйинчиларига устувор аҳамият қаратаётгани тасодифий эмас. Ушбу трансферлар амалга ошса, “Нефтчи” ўзининг ҳимоя ва ҳужумдаги ўйин сифатига жиддий куч бағишлаши аниқ. Шунингдек, бу каби номдор футболчиларнинг қайтиши Фарғонадаги мухлислар учун ҳам катта воқеа бўлади.
Айни пайтда жамоа мамлакат чемпионатининг иккинчи қисмига жиддий тайёргарлик кўрмоқда. Агар Ашурматов ва Турғунбоев каби синовдан ўтган тажрибали футболчилар жамоага қўшилса, “Нефтчи”нинг янги мавсумдаги мақсадлари ва амбициялари янада катта бўлиши мумкин.
Трансфер музокаралари якунига етгач, клуб расмий баёнот беради, деб кутилмоқда. Мухлислар эса ўз юлдузларини яна Фарғона майдонида кўришга умид билан интиқлик қилмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Мавзуга оид янгиликлар