date

"Барселона" сардори Флик билан келиша олмаяпти, кетиши мумкин

"Барселона" сардори Флик билан келиша олмаяпти, кетиши мумкин
Каталониянинг машҳур “Барселона” клубида яна бир шов-шувли воқеа кузатилмоқда. Жамоа сардори ва асосий дарвозабони Марк-Андре тер Штеген билан бош мураббий Ханс-Дитер Флик ўртасида жиддий муаммолар борлиги маълум қилинди. Бу ҳақда "Onda Cero" радиоси журналисти Альфредо Мартинес ўз инсайдер манбаларига таяниб хабар берди.

Маълумотларга кўра, икки немис мутахассис ўртасидаги муносабатлар «жуда совуқ» ва бу ҳолат клуб ичкарисида жиддий муаммоларга сабаб бўла бошлаган. “Барса” раҳбарияти эса вазиятни ёндашувлар орқали эмас, балки кадрлар ўзгариши билан ҳал этиш ниятида: тер Штеген билан хайрлашиш ва унинг ўрнига “Эспаньол” жамоасининг ёш ва иқтидорли посбони Хуан Гарсияни олиб келиш режалаштирилмоқда.

Аммо 33 ёшли немис голкипери ўз қарорини ўзгартиришга тайёр эмас. Унинг “Барселона” билан тузган амалдаги шартномаси 2028 йилгача давом этади ва ҳозирча клубни тарк этиш нияти йўқ. Шу билан бирга, Туркиянинг “Галатасарай” клуби ҳам тер Штегенга қизиқиш билдирган, аммо бу таклиф футболчи томонидан рад этилгани айтилмоқда.

Тер Штеген сўнгги йилларда "Барселона" учун муҳим шахсга айланди: у нафақат мустаҳкам посбон, балки жамоа сардори сифатида ҳам етакчилик қилди. Унинг кетиши клубдаги барқарорликка салбий таъсир кўрсатиши мумкин, айниқса, сўнгги мавсумларда жамоада кўплаб ўзгаришлар кузатилаётганини инобатга олсак.

Ҳозирча унинг келажаги ноаниқлигича қолмоқда. Флик билан келишувга эришиладими ёки клуб унинг ўрнига янгидан голкипер олиб келадими — бу саволларга яқин ҳафталарда аниқлик киритилиши кутилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Барселона" сардори Флик билан келиша олмаяпти, кетиши мумкин