
Жаҳон футболининг энг нуфузли клубларидан бири – “Реал” бу йил ёзда бош мураббийликка тайинланган Хаби Алонсо учун мутлақо янги синовлар йили бўлади. Хусусан, АҚШда старт олган клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати испаниялик мутахассиснинг синов майдонига айланиши аниқ. Чунки айнан шу турнир “Реал”нинг яқин истиқболдаги мақсад ва вазифаларига йўл очиб, Алонсо бошчилигидаги янги ғоялар, тактик ёндашув ва трансфер сиёсати самарадорлигини кўрсатиб беради.
Кўплаб футбол мутахассислари ва мухлисларига маълумки, мадридликлар бу мавсумда бир қатор йўқотишларга дуч келишди. Айниқса, Тони Кроос ва Лука Модрич каби ўрта чизиқдаги ўйин қурилишини таъминлаб келган маэстроларнинг кеттгани жамоада катта бўшлиқ қолдирди. Табиийки, жамоа янги раҳбарият ва мураббийнинг талабларига кўра таркибни тўлдириш учун бир неча муҳим трансферга эҳтиёж сезмоқда.
Fichajes нашри тарқатган хабарга кўра, Хаби Алонсо клуб раҳбариятидан жаҳон чемпионатидан кейин таркибни тўлиқ янгилашга қаратилган учта асосий трансферни амалга оширишни сўраган. Биринчиси — чап қанот ҳимоясига кучли футболчи қўшиш. Бу борада “Бенфика” жамоасининг иқтидорли ҳимоячиси Альваро Каррерас билан музокаралар олиб борилмоқда. Унинг техник маҳорати ва ёшлигидан келиб чиқиб, “Реал”да узоқ йиллар асосий таркиб футболчисига айланиши кутилмоқда.
Иккинчи трансфер — марказий ҳужумчи позициясига тегишли. Хаби Алонсо Ла Лигада ўзини яхши кўрсата олган Анте Будимирни асосий номзод сифатида кўрмоқда. Унинг жарима майдончасидаги устунлиги ва кучли ҳаводаги ўйини “Реал” ҳужум чизиғига янги динамика олиб кириши мумкин.
Энг муҳим йўналишлардан яна бири — марказга ижодкор ярим ҳимоячини олиб келиш. Сабаби, клубнинг ўйин қурилиши ва креативлашуви учун бу позицияда замонавий ва интеллектуал футболчи зарур. Мадридликлар скаутлари айнан шундай хусусиятларга эга бўлган янги плеймейкерни излашга киришишди. Улардан асосий талаб: Модрич ва Кроос қолдирган бўшлиқни тўлдира олиши ва жамоанинг ўзгарувчан ўйин услубига тез мослаша олиши.
Айтиш керакки, бу йўналишда олиб бориладиган трансфер сиёсати, “Реал”нинг кейинги мавсумлардаги муваффақияти учун катта аҳамият касб этади. Жамоа раҳбарияти ва Хаби Алонсо буни жуда яхши тушуниб, ҳар бир қарорни пухта ва чуқур таҳлил асосида қабул қилмоқда.
Якуний сўз ўрнида, мадридлик мухлислар олдида янги давр бошланмоқда. Янги мураббий, янги тактика ва кутилган катта трансферлар — буларнинг барчаси “Реал”ни янада кучлироқ ва рақобатбардош жамоага айлантириши шубҳасиз. Демак, олдинда яна қизиқарли трансферлар ва янги ғалабалар кутиб турибди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар