
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихи учун буюк марра – Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. 2026 йили АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтадиган мундиалга йўл олишимизда кўплаб омиллар ҳал қилувчи бўлди. Шулар орасида бир исм алоҳида тилга олиниши шарт – бу, албатта, тажрибали дарвозабон Ўткир Юсупов.
Уйдаги учрашувлар – “қуруқ серия” рекорди
Тошкентда ўтказилган бешта учрашувда рақибларимиз – Эрон, Қатар, БАА, Қирғизистон ва Шимолий Корея терма жамоалари бирор бор ҳам дарвозамизни ишғол қила олмади. Бу нафақат мустаҳкам ҳимоя, балки Юсуповнинг юксак маҳорат даражасини ҳам кўрсатади.
Эътиборли жиҳати шундаки, Осиё саралашининг учинчи босқичида қатнашган 17 терма жамоадан ҳеч бири ўз майдонидаги барча учрашувларда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қололмади. Бу жиҳатдан Ўзбекистон ва Юсупов беназир натижа қайд этди.
Сафарда ҳам ишончли посбон
Ўзбекистон термаси умумий ҳисобда 10 учрашув ўтказиб, уларда 7 та ғалаба ва 3 дуранг қайд этди. Сафардаги ўйинларда ҳам Юсупов икки бор — БАА ва Шимолий Кореяга қарши беллашувларда — “қуруқ” ўйин ўтказди. Ушбу баҳслар вақтидаги пенальти қайтаришлари, хавфли зарбаларга қарши мукаммал позиция танлаши унинг катта тажрибаси ва юқори формасини тасдиқлайди.
Дарвозабон сифатидаги умумий кўрсаткичлар
Юсупов саралаш босқичида 7 та ўйинда дарвозани қўриқлаб, шуларнинг бештасини "қуруқ" ўтказди. Терма жамоамиз бу босқичда жами 14 та гол урди ва 7 та тўп ўтказиб юборди. Бу эса жамоани гуруҳда энг кам тўп ўтказган иккинчи жамоа сифатида қайд этиш имконини берди (Япониядан сўнг).
Клуб даражасида ҳам юксалиш
Ўткир Юсупов ҳозирда Эроннинг “Фулад” клуби сафида тўп сурмоқда. 2024 йилнинг июлида мазкур жамоага қўшилган голкипер якунланган мавсумда 29 та учрашувда майдонга тушиб, 12 та “қуруқ” ўйин ўтказишга муваффақ бўлди. Бу натижа унинг ҳозирги кунда Осиё миқёсидаги энг ишончли дарвозабонлардан бири эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Шу боисдан, мутахассислар ва футбол ишқибозлари томонидан Юсуповнинг ўзига хос “қалъадек” ўйини алоҳида эътироф этиляпти. Унинг “Фулад” билан амалдаги шартномаси 2026 йил 30 июнигача амал қилади, яъни мундиалда ҳам айнан у терма жамоамизнинг асосий посбони бўлиши кутилмоқда.
Ўзбекистон терма жамоаси тарихий муваффақиятга эришди, аммо бу муваффақият замирида жонкуяр ва профессионал футболчиларнинг машаққатли меҳнати ётади. Дарвозадаги ишончли девор — Ўткир Юсупов эса бу саъй-ҳаракатнинг ёрқин рамзига айланди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар