
Каталония футбол муҳитида навбатдаги шов-шувли трансфер амалга ошди. “Эспаньол” клубининг 24 ёшли иқтидорли дарвозабони Жоан Гарсия расман “Барселона” футболчисига айланди. Каталония дербисидаги асосий рақиблардан бири бўлган жамоадан футболчи олиб келиш жуда кам учрайдиган ҳолат бўлса-да, “Барса” бу гал истиснога йўл қўйди.
Футболчи шахсан ўзи 25 миллион евролик товон пулини тўлаб, “Эспаньол” билан шартномасини бекор қилди. Куни кеча “Барселона” клуби унинг трансфери якунланганини расман эълон қилди.
Гарсия билан тузилган шартнома 2031 йилнинг 30 июнигача амал қилади. Бу жуда узоқ муддатли битим саналади ва унга бўлган ишонч даражасини кўрсатади. Мазкур трансфер “Барса”нинг кейинги йилларда дарвозабон масаласини узоқ муддатга ёпишини билдириши мумкин.
Жоан Гарсия 2024/25 йилги Ла Лига мавсумида 38 та ўйинда қатнашди, шундан 8 тасида “сухой” ўйин қайд этди. Умумий ҳисобда эса 51 та гол ўтказиб юборди. Қийин вазиятлардаги мустаҳкам туриши, тезкор реакцияси ва ўйинни тўғри бошлашдаги маҳорати уни “Барселона” скаутлари диққатига туширган.
Каталония клуби бош мураббийи ушбу трансфер орқали жамоада рақобатни кучайтиришни мақсад қилган. “Барселона” сафида ҳозирги биринчи рақамли дарвозабон Андре Тер Штегеннинг тез-тез жароҳат олиши гарчи хавотир уйғотмаётган бўлса-да, унинг захирасида кучли ва ишончли номзод бўлиши муҳим экани шубҳасиз.
Жоан Гарсиянинг келиши билан “Барса”нинг дарвоза чизиғида ҳам келажак, ҳам ҳозирги ҳолатни таъминлаш режаси кўзга ташланади. Унинг “Эспаньол”дан “Барса”га ўтиши Каталония футбол тарихидаги муҳим воқеалардан бири сифатида эслаб қолиниши мумкин.
Энди эса футбол оламидаги асосий савол: Гарсия “Барса”да асосий таркиб учун курашадими ёки тажриба тўплаш учун захирада қоладими? Бу саволга жавоб мавсум давомида аниқ бўлади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар