date

“Манчестер Сити” КЎЖда кучли старт олди: Фоден — қаҳрамон, Ҳусанов захирада

“Манчестер Сити” КЎЖда кучли старт олди: Фоден — қаҳрамон, Ҳусанов захирада
АҚШда старт олган футбол бўйича клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг илк тури қизғин баҳслар билан бошланди. 18 июнь санасида Филадельфия шаҳрида жойлашган “Линкольн Файненшел Филд” аренасида G гуруҳи доирасида “Манчестер Сити” ҳамда Марокашнинг “Видад” клублари ўртасида тўқнашув бўлиб ўтди. Англия грандлари бу ўйинда ишончли ғалабага эришишди — 2:0.

Беллашув деярли бошланиши билан гол уришга муваффақ бўлган “Сити” 2-дақиқадаёқ Филип Фоденнинг тўпурарлигига суянди. Биринчи бўлимнинг 42-дақиқасида эса у яна бир муҳим ҳаракатни амалга ошириб, Жереми Докунинг голига ассистентлик қилди. Белгиялик футболчи жамоанинг иккинчи голини уриб, рақибни ранжитди.

Шу билан бирга, учрашувнинг 88-дақиқасида “шаҳарликлар” ҳимоячиси Рико Льюис қизил карточка олиб, жамоани бир киши кам қолдирди.

Англия чемпиони сафида икки нафар янги ном — Тейани Рейндерс ва Райан Шерки дебют қилди. Улар асосий таркибда майдонга тушишди. Рейндерс тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилган бўлса, Шерки 60-дақиқада алмаштирилди.

Шунингдек, иккинчи бўлимда жароҳатдан сўнг тикланаётган Родри Фоденнинг ўрнида майдонга туширилди. Бу унинг сўнгги жароҳатдан кейинги иккинчи расмий учрашуви бўлди.

Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов бу сафар “Манчестер Сити” қайдномасидан жой олди, аммо унга майдонда ўзини кўрсатиш имкони берилмади.

G гуруҳидаги навбатдаги беллашувда Хосеп Гвардиола бошчилигидаги жамоа 23 июнь куни БАА чемпиони “Ал-Айн”га қарши майдонга тушади. “Видад” эса 22 июнь куни “Ювентус”га қарши баҳс олиб боради.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилги клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати 15 июндан 13 июлга қадар АҚШда бўлиб ўтади. 32 та клуб саккизта гуруҳга бўлинган ва ҳар бир гуруҳдан иккитадан жамоа плей-оффга йўл олади. “Манчестер Сити” эса мусобақанинг фаворитларидан бири сифатида қаралмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Манчестер Сити” КЎЖда кучли старт олди: Фоден — қаҳрамон, Ҳусанов захирада