date

“Барселона” Нико Уильямсни 6 йилга олишга яқинлашди – сенсацияли келишув

“Барселона” Нико Уильямсни 6 йилга олишга яқинлашди – сенсацияли келишув
Каталониянинг машҳур “Барселона” клуби ёзги трансфер ойнасида муҳим воқеага қўл урмоқда. Футбол инсайдери Фабрицио Романо тарқатган сўнгги маълумотларга кўра, “Барса” 22 ёшли иқтидорли вингер Нико Уильямс билан 6 йиллик шартнома борасида тўлиқ келишувга эришди. Таъкидланишича, футболчи солиқлар тўланганидан сўнг йилига 7–8 миллион евро маош олади.

Айни пайтда клуб раҳбарияти “Атлетик Бильбао” билан трансфернинг молиявий жиҳатларини муҳокама қилмоқда. Якуний келишув эълон қилиниши олдидан музокаралар қизғин паллага кирган. Нико Уильямснинг “Барселона” сафида тўп суриши мухлислар учун катта янгилик ва жамоанинг ҳужум салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.

Ёш ва креатив вингер жорий мавсумда Ла Лиганинг 29 ўйинида иштирок этиб, 5 та гол ва 5 та ассист билан ажралиб турди. Унинг тезкорлиги, дриблингдаги маҳоратли ҳаракатлари ва рақиблар ҳимоясини ёриб ўтиш қобилияти Испания чемпионатида алоҳида эътироф этилди.

Айтиш керакки, сўнгги кунларда Нико Уильямснинг номи бошқа топ-клублар билан ҳам боғланди. Хусусан, у “Бавария” клубига ўтишни режалаштираётгани ва шахсий шартлар бўйича келишувга эришгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалди. Шунингдек, Лондоннинг “Арсенал” клуби ҳам талантли вингерга жиддий қизиқиш билдирган.

Бироқ ҳозирча энг реал вариант сифатида айнан “Барселона” эътибор марказида. Каталонияликлар ёшлар сиёсатига ва янги иқтидорларни жамоага жалб қилишга катта аҳамият қаратмоқда. Нико Уильямснинг “Камп Ноу”га кўчиб ўтиши клубнинг янги ривож стратегиясидаги асосий қадамлардан бири бўлиши мумкин.

Бугунги кунда футбол оламида шов-шувларга сабаб бўлаётган ушбу трансфер мухлислар ва экспертлар томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда. Яқин кунларда расмий эълон берилиши кутилмоқда ва бу “Барса” учун янги даврни бошлаб бериши эҳтимолдан холи эмас.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Барселона” Нико Уильямсни 6 йилга олишга яқинлашди – сенсацияли келишув