date

Туркия гранди Шомуродовдан кейин яна бир ўзбекистонлик юлдузни нишонга олди

Туркия гранди Шомуродовдан кейин яна бир ўзбекистонлик юлдузни нишонга олди
Туркия чемпионатида ўзбек футболчиларининг сони яна биттага кўпайиши мумкин. "Истанбул Башакшеҳир" клуби энди Москванинг ЦСКА жамоасида фаолият юритаётган ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ёрқин юлдузи ҳисобланган Аббосбек Файзуллаев учун расмий таклиф жўнатгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Машҳур турк журналисти Эртан Сюзгюн ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ушбу хабарни тасдиқлади. Аммо ҳозирча турк клуби қанча маблағ таклиф қилгани ҳақида аниқ маълумот берилмаган. Айтиш жоизки, шу куннинг ўзида "Истанбул Башакшеҳир" бошқа бир ўзбекистонлик юлдуз Элдор Шомуродов трансфери бўйича ҳам музокара олиб бораётгани маълум бўлган эди. Бу хабарни турк футболи бўйича инсайдер Яғиз Сабунчуоғлу ўзининг ижтимоий тармоғи орқали тарқатганди.

Аббосбек Файзуллаевнинг ЦСКА билан шартномаси 2026 йилнинг ёзигача амал қилади. Ўтган мавсум 21 ёшли вингер жамоаси сафида умумий ҳисобда 39 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 3 та гол ва жамоадошларига 8 та голли пас ёзиб қўйган эди. Футболчининг ҳозирги трансфер баҳоси Transfermarkt портали томонидан 8 миллион евро атрофида баҳоланмоқда.

Айни пайтда Файзуллаевга Европа топ-чемпионатлари клубларидан ҳам қизиқишлар мавжуд. Хусусан, Англия Премьер-лигасининг "Вулверхэмптон" жамоаси бош мураббийи янги мавсум олдидан ўз режаларига ўзбекистонлик ёш юлдузни ҳам киритгани ҳақида маълумотлар тарқалган. Бу ҳақда сайтимиз орқали маълумот берган эдик.

Агар ушбу трансфер амалга ошса, "Истанбул Башакшеҳир" ўзбек юлдузларидан иборат кучли дуэтга эга бўлади ва Туркия чемпионатидаги ўзбек футболчилари сони яна биттага кўпайишига сабаб бўлади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Туркия гранди Шомуродовдан кейин яна бир ўзбекистонлик юлдузни нишонга олди