date

Хаби Алонсо собиқ шогирди Гримальдони "Реал"га олиб келишни режалаштирмоқда

Хаби Алонсо собиқ шогирди Гримальдони "Реал"га олиб келишни режалаштирмоқда
"Реал Мадрид" жамоаси ҳимоя чизиғини мустаҳкамлаш мақсадида янги номзодга эътибор қаратди. Агар "қироллик клуби" "Бенфика" ҳимоячиси Алваро Каррерас билан келишувга эриша олмаса, асосий эҳтимол сифатида "Байер" клубида тўп сураётган Алехандро Гримальдони ўз сафига қўшиб олади.

Испаниялик спорт журналистларининг маълум қилишича, мадридликлар Гримальдонинг салоҳиятига жиддий қарамоқда ва футболчининг ўзи ҳам "Реал"га ўтишни истамоқда. Гримальдога Англия Премьер-лигаси клубларидан ҳам бир неча таклифлар тушган бўлишига қарамасдан, у айнан Мадрид клубини ўзининг келгуси фаолияти учун идеал манзил сифатида кўрмоқда.

Бундан аввал "Бенфика" ва "Реал Мадрид" ўртасида Алваро Каррерас трансфери юзасидан музокаралар олиб борилганди. Бироқ португалияликлар мадридликлар таклиф қилган шартларни қониқарли деб топмади ва келишув амалга ошмай қолди.

Алехандро Гримальдонинг статистикаси эса унинг самарадорлигидан далолат беради. Ўтган мавсумда у 48 та расмий ўйинда майдонга тушган бўлиб, 4 та гол ва 13 та ассист билан жамоасига катта ҳисса қўшган. Унинг ўйин услуби ва чап қанотдаги универсал ҳаракатлари "Реал"нинг ҳимоя тизими учун муҳим куч бўлиши мумкин.

Мадрид клуби ҳозирда янги мавсум олдидан таркибни кучайтириш бўйича бир қатор трансфер вариантларини кўриб чиқмоқда ва Гримальдо улар орасида энг реал номзодлардан бири сифатида баҳоланмоқда. Яқин кунларда музокаралар қайта бошланиши ва янгиликлар билан боғлиқ расмий маълумотлар пайдо бўлиши кутилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Хаби Алонсо собиқ шогирди Гримальдони "Реал"га олиб келишни режалаштирмоқда