date

Қозоғистон депутати: “Ўз муваффақиятимиз учун ўзимиз жавобгармиз”

Қозоғистон депутати: “Ўз муваффақиятимиз учун ўзимиз жавобгармиз”
Қўшни Ўзбекистоннинг футболдаги сўнгги ютуғи — миллий терма жамоанинг Жаҳон чемпионати финал босқичига йўл олиши нафақат ўзбекистонликлар, балки бутун минтақа аҳолиси учун катта воқеа бўлди. Бу муваффақият Қозоғистон жамоатчилигида ҳам катта қизиқиш уйғотди. Айримлар ўзбеклар ютуғи фонида “нега биз эмас?” деган саволни кўтарган бўлса, бошқалар бу ҳолатдан илҳом олиб, ўз футболига танқидий назар ташлашга чақирмоқда.

Шу муносабат билан Қозоғистон парламенти депутати, “Республика” партияси раҳбари Айдарбек Хўжаназаров Sports24.kz нашрига берган интервьюсида муҳим фикрлар билдирди. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон ўз камчиликлари билан юзма-юз келиши, бошқаларнинг муваффақиятига қараб ўзига баҳолар бермаслиги лозим.

— Кўпинча “Ўзбекистон чиқди, нега биз ҳали ҳам бундай натижага эриша олмаяпмиз?”, деган саволни эшитаман. Лекин бу нотўғри ёндашув. Биз ўз йўлимизда ишлашимиз, ички тизимдаги камчиликлар устида жиддий иш олиб боришимиз керак. Ҳар бир миллат, ҳар бир жамоа ўз индивидуал йўлига эга, — деди Хўжаназаров.

Унинг таъкидлашича, баъзан муваффақият аҳоли сони ёки географик имкониятлар билан боғлиқ эмас. У Исландия мисолида буни очиқ кўрсатди:

— Исландияда бор-йўғи 500 минг одам яшайди. Бизда эса битта вилоятда ҳам шунча аҳоли бор. Улар Европа чемпионатида иштирок этган, биз эса ҳалигача кутяпмиз. Бундай мисоллар бизни руҳан эмас, амалий ҳаракатларга ундаши керак. Бизда иқлим яхши, инфратузилма яхши, лекин натижа йўқ. Демак, тизимда муаммо бор, — деди депутат.

Айтиш жоиз, бу фикрлар Қозоғистон футбол оламида муҳим баҳсларга туртки бўлмоқда. Мутахассислар бу ҳолатдан тўғри хулоса чиқариш, тизимли ислоҳотлар ва ёшлар футболига жиддий эътибор қаратиш вақти келганини таъкидлашмоқда.

Қолаверса, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳам “Марказий Осиё — Хитой” саммити доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни расман табриклаган эди. Бу минтақавий спорт ютуқлари умумий ифтихор манбаига айланаётганидан далолат.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионатига чиққани Қозоғистон учун ҳам руҳий рағбат бўлиши мумкин. Аммо бу муваффақиятни кўзлаётганлар, аввало, ички тизим, тренерлар салоҳияти, ёшлар сиёсати, инфратузилма ва академиялар ишларини қайта кўриб чиқишлари зарур. Фақат шундагина ўз йўлини топган, муваффақиятга интилувчи Қозоғистон футболи шаклланади.

Айни пайтда эса футбол мухлислари қўшни юртнинг ютуғини табриклаб, “бизда ҳам шундай кунлар келсин” дея умид билан тўлмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Қозоғистон депутати: “Ўз муваффақиятимиз учун ўзимиз жавобгармиз”
-->