
Янги давр, янги ёндашув: “Реал Мадрид” клубида технологик инқилоб бошланди. Жамоанинг янгидан тайинланган бош мураббийи Хаби Алонсо машғулот жараёнини янада самаралироқ қилиш учун дронлардан фойдаланмоқда. Бу ҳақда Испаниянинг “Marca” нашри хабар берди.
43 ёшли мутахассис яқинда Карло Анчелоттининг ўрнини эгаллаб, “Реал”даги фаолиятини бошлади. Алонсо бошчилигидаги илк ўйин АҚШдаги клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати доирасида бўлиб ўтди ва унда “Қироллик клуби” “Ал-Ҳилол”га қарши беллашувда 1:1 ҳисобида дуранг қайд этди.
Янги бош мураббийнинг “қўли” сезиларли даражада: Уэст-Палм-Бичда ўтказилган машғулот пайтида Алонсо жамоа футболчиларининг ҳаракатларини аниқроқ таҳлил қилиш учун дронлардан фойдаланди. Бундай усул клуб тарихида илк бор жорий қилинмоқда.
Машғулот жараёнини ҳаводан кузатиш имконияти мураббийлар штаби учун қўшимча визуал таҳлилни таъминлайди. Бу эса футболчиларнинг позицион ҳаракатларини, жамоавий ўйинни ва тактик ўзаро муносабатларни янада пухтароқ таҳлил қилишга имкон беради.
“Реал Мадрид”да бу технология илгари қўлланилмаган. Хаби Алонсо эса “Байер”да ишлаган пайтида асосан майдон четларига ўрнатилган стационар камералар орқали машғулотларни кузатган. Энди эса у дрон ёрдамида юқоридан фойдаланиб, бутун майдон панорамасини олиш имконига эга.
Бундай инновацион ёндашув “Реал”нинг ҳар бир майдондаги ҳаракатини янада теран тушуниш ва рақибларга қарши тактик қарорларни аниқроқ ишлаб чиқишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Zamin.uz таҳририяти янги мураббийнинг тажрибаси ва ғоялари “Реал”ни янада юқори поғоналарга олиб чиқишига ишонади. Машғулотларда дрон технологияси қай даражада самара беради — буни эса яқиндаги натижалар кўрсатади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар